Жанубий кореялик олимлар Сеулга КХДР дронларини электромагнит импульслари орқали ишдан чиқаришга ёрдам берадиган қурол ишлаб чиқмоқда. Бу ҳақда «Ёнҳап» агентлиги маълум қилган.

Хабарда келтирилишича, Жанубий Корея мудофаани ривожлантириш агентлиги (ADD) ҳарбийлар қўлида мавжуд электромагнит импульслари генераторидан фойдаланиш имкониятлари бўйича иш олиб бормоқда. Бундай генератор кичик учувчисиз учар қурилмаларга қарши курашга мўлжалланган.

Ядровий заряд ишлаб кетган вақтда электромагнит импульслари ажралиб, улар электромагнит майдонларини бузиб юборади ва кўпчилик электр ускуналарни, шу жумладан, дронларни ишдан чиқаради.

Шу билан биргаликда, ADD миллий мудофаа саноати вакиллари ҳамкорлигида GPS сигналини ўчириш технологиялари устида ишлашни режалаштирмоқда. Шунингдек, дронларни зарарсизлантириш учун кичик ракеталар яратилиши ҳам режалаштирилган.

Бундан олдинроқ, расмий Сеул КХДРнинг янги ракета синови ўтказишга тайёрланаётганидан ташвишда экани хабар қилинганди.