26 ноябрь куни Россиянинг Қозон шаҳрида Конфедерациялар кубогига қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтди. 2017 йилнинг 17 июнидан 2 июлига қадар бўлиб ўтадиган турнирда ўз қитъасининг энг кучли  терма жамоалари ўз рақибларини билиб олишди. Қуръа натижаси билан ҳали танишмаган бўлсангсиз, бу ердан билиб олишингиз мумкин. Tribuna.Uz 2018 йилги жаҳон чемпионати олдидан репетиция вазифасини ўтаб берадиган мусобақа ўтказиладиган Россиядаги стадионлар ҳақида маълумот беради.

Москва. «Спартак» стадиони.

Олдиндан айтиб ўтиш лозим Жаҳон чемпионати ва Конфедерациялар кубоги ўтаётган пайтларда Россиядаги стадионлар ўша шаҳар  ёки клуб номи билан аталади. Буни ташкилотчилар ўша шаҳарларни, клубларни реклама қилиш, ёки оддий қилиб айтганда сайёҳлик стратегияси билан изоҳлашган. Мусобақалар якунлангач, стадионлар клуб ихтиёрига берилади ва олдиндан белгиланган номига қайтиши мумкин бўлади. Масалан «Спартак» стадиони «Открытие Арена» номига қайтади.

Россиянинг энг оммавий жамоаларидан бири ташкил этилганидан бошлаб ўзининг стадионига эга бўлмаганди. 2010 йилнинг мартига келиб жамоа Москванинг Тушино туманидаги собиқ пойтахт аэропорти ўрнига 45 минг ўринга мўлжалланган стадион қурилишини бошлади. 2014 йилнинг 5 сентябрида «Спартак» стадиони очилиш маросимида клуб Сербиянинг «Црвена Звезда» клуби билан дуранг ўйнади – 1:1. 

Стадионнинг фасад қисми гладиаторлар жанг майдони кўринишида қурилган бўлиб, юзлаб ромб шакллари «Спартак» клубининг улкан рамзини ўраб туради. Стадионнинг ичида клуб музейи ва атрибутикалар сотиладиган дўкон жойлашган. Стадион яқинида эса метронинг янги «Спартак» бекати барпо этилган.

Мухлислар ташрифи бўйича рекорд 2016 йилнинг 29 октябрида «Спартак» ва ЦСКА жамоалари учрашувида (3:1) кузатилган - 44 884 томошабин.

Санкт-Петербург. «Зенит-Арена»

Россиянинг энг катта можароларга сабаб бўлган, мухлислар орасида киноя билан «Распил-Арена» номини олган Санкт-Петербургдаги стадион Крестовский оролида жойлашган бўлиб, қурилиш ишлари 2007 йилда бошланган, Бу даврда стадион лойиҳаси уч марта қайта тузиб чиқилган. Ҳар сафар лойиҳа нархи қимматлашиб бошида тахмин қилинган сумма 6,7 млрд рублдан 43,8 млрд рублгача кўтарилган.

Стадион ҳали фойдаланишга топширилмаган бўлсада, синов учун жорий йилнинг 27 октябрида учрашув ташкил қилинган. Унда лойиҳанинг янги қурувчилари «Метрострой» бошқа қурувчилар гуруҳига 2:6 ҳисобида имкониятни бой берган.

Арена ЖЧ ва Конфедерацялар кубогидан ташқари 2020 йилда Европа бўйлаб ўтказиладиган қитъа чемпионатининг гуруҳ босқичидаги уч ва чорак финалнинг битта учрашувини ўзида қабул қилиши кўзда тутилган. Стадион сиғими 68 минг томошабинга мўлжалланган бўлади.

Сочи. «Фишт» стадиони

Сочида ўтган 2014 йилги қишки Олимпиада ўйинларининг асосий стадиони 2007 йилда қурилишни бошлаган ва 2013 йилда ниҳоясига етказилган. «Фишт» стадиони ўрнида Марлинский қишлоғи жойлашган бўлиб, стадион номи Кавказ тоғларининг энг машҳур чўққиларидан бири шарафига қўйилган («фишт» сўзи адигейчадан таржима қилинганда «оқ бош» маъносини беради). Олимпиада ўйинлари вақтида стадион сиғими 40 мингни ташкил қилган бўлса. Мусобақалар тугагач, унинг сиғими 47 700 томошабин сиғадиган қилиб кенгайтирилган. Ҳозирча стадионга ташриф бўйича рекорд 7-28 февраль кунилари бўлиб ўтган Сочи-2014 ўйинлари очилишида кузатилган – тахминан 40 минг мухлис.

Қозон. «Қозон-Арена»

Татаристон пойтахтидаги бўш, ташландиқ ҳудуд ўрнига барпо этилган стадионнинг қурилиш ишлари 2010 йилдан 2013 йилга қадар давом этиган. «Қозон-Арена» — ЖЧ-2018 учун қуриб битказилган илк стадион. Санкт-Петербург ва Сочидаги, шунингдек реконструкция қилинаётган «Лужники» стадиони қайта фойдаланишга топширилгунига қадар Қозондаги стадион мамлакатдаги энг сиғими катта арена эди. Стадион сиғими 45 379 мухлисга мўлжалланган, ФИФА байроғи остида ўтадиган мусобақаларда эса бу кўрсаткич 44 779 ўринни ташкил қилади.

Фойдаланишга топширилганидан кейин «Қозон-Арена» ўзида қабул қилган илк мусобақа бу 2013 йилги ёзги Универсиада мусобақлари бўлган. Объект ноёб кўрсаткич — сузиш бўйича 12та жаҳон рекорд ўрнатилган дунёдаги ягона футбол стадиони саналади (2015 йилги сув спорт турлари бўйича жаҳон чемпионати стадион ичида барпо этилган сув ҳавзасида ўтказилган).

Стадионга ташриф буйича ўрнатилган рекорд 2015 йилнинг ноябрига тўғри келади. Ўшанда Европа лигаси доирасидаги «Рубин» ва «Ливерпуль» жамоалари учрашувига 41 585 мухлис ташриф буюрган.

«Қозон-Арена»нинг медиафасад қисми Европадаги энг катта Full HD экранга эга стадионлардан бири саналади. Шу йил ёзда мазкур экран орқали Европа чемпионатининг барча учрашувлари трансляция қилинди.