Германия ҳукумати қизларини мамлакат канцлери исми билан атаган суриялик оилага бошпана беришдан бош тортди.

Бир ёшга тўлган Ангела Меркелнинг ота-онаси қизлари Германияда бутунлай қолиши учун курашишни мақсад қилишган.

Қизнинг онасининг исми Чета Аль-Хамза бўлиб, Германияга 2015 йилда келган. Отаси эса Мамун Аль-Хамза. Унинг рафиқаси ҳуқуқшунослик йўналишида таҳсил олган, аммо мамлакатдаги қуролли қарама-қаршилик сабаб диплом олишга муваффақ бўлмаган. 

— Биз Сурияни уруш сабаб тарк этдик. ИШИД ҳам Башар Асаднинг ҳукумат кучлари ҳам мени ўз томонларига оғдириб олишга ҳаракат қилишди. Шу сабаб биз мамлакатни ташлаб кетишга мажбур бўлдик, — деди Мамун Аль-Хамза. — Мен Сурия халқини яхши кўраман, шу сабаб на у ва на бу томонда жанг қилишни истамайман. 

Улар Дуйсбургда дунёга келган қизларига мамлакат канцлери ҳурмати учун унинг номини беришган.  

Улар қонуний асосда Германияда қолиш учун рухсатни кутиб Менхенгладбах шаҳрида яшаётган эдилар. Аммо оилага Суриядаги қуролли низолар тугагач, Германиядан кетишлари лозимлигини айтишди.

— Бизга Германиядан бошпана беришмади, фақат мамлакатда бўлишни таъминловчи чекланган ҳуқуқ тақдим этувчи ҳужжат беришди. Бундай ҳужжатни Суриянинг кўплаб фуқаролари қўлга киритмоқда, — Мамун. — Албатта, биз Германияда қолишни истаймиз. Мен қизимнинг ёрқин келажаги учун курашишим керак. 

Кичкина Меркелнинг ота-онаси қизининг келажагини айнан Европада кўрмоқда. Яқин вақт ичида улар қизларини маҳаллий болалар боғчасига беришмоқчи. Аммо улар қачондир ўз ватанларига ҳам қайтиб кетишлари мумкинлигини рад этиб бўлмайди