8 ноябрда бўлиб ўтган АҚШ президенти сайлови натижалари зудлик билан тан олиниши керак. Сайловда ғолиб бўлган Дональд Трамп сайловда "яшиллар" патиясидан иштирок этган Жилл Стайннинг Висконсин штатида овозларни қайта ҳисоблаш талабига шундай изоҳ берди. Бу ҳақда ТАСС ахборот агентлиги хабар бермоқда.     

"Халқ ўз танловини қилиб бўлди, сайловлар якунланди. Хиллари Клинтоннинг ўзи сайловлардан кейинги тунда мағлубиятини тан олиб, мени табриклаб шундай деган: "Биз натижани тан олишимиз ва сўнгра келажакка боқишимиз керак", дейилган Трампнинг ёзма баёнотида. 

АҚШнинг 45-президенти бўлган Трампнинг фикрича, сайлов натижаларини ўзгартиришга уриниш бу бойлик орттириш мақсадида амалга оширилаётган қаллобликдир. Трампнинг фикрича, Стайн шу йўл билан "ўз киссасини пулга тўлдириб олмоқчи, у барибир бу пулнинг катта қисмини бу бемаъни қайта ҳисоблашга ишлатмайди".  

Аввалроқ Стайн бу қайта ҳисоблашларни ўтказиш учун маблағ йиғишни амалга оширганди.