Сурияда қамал шароитларида яшаётган болалар сони кейинги йилда икки баробар ошган ва 500 минг нафарга етган. Бу ҳақда БМТнинг болалар бўйича фонди бўлмиш ЮНИСЕФ ҳисоботида келтирилган.

«Сурияда миллионларча кишиларнинг ҳаёти даҳшатга айланди — айниқса қамал ҳолатида яшаётган юз минглаб болаларнинг ҳаёти ачинарли аҳволда. Болалар ўлдирилмоқда ва майиб қилинмоқда. Улар мактабларга боришга ёки кўчада ўйнашга қўрқишади. Улар озиқ-овқат тансиқлиги ва тиббий ёрдамлар етишмаслиги шароитларида кун кечиришмоқда», — деган фонд раҳбари Энтони Лейк.

ЮНИСЕФ баҳоларига кўра, Ҳалабнинг ўзидагина 100 минг бола қамалда қолган. Хавфсизлик таъминланмагани туфайли болалар уйларнинг, мактабларнинг ва шифохоналарнинг ертўлаларида ўйнаб, ўқиб ва тиббий ёрдамларни олишга мажбур бўлмоқда.

Қайд этилишича, Суриядаги қуролли можаролар бошланганига 6 йил тўлаётган маҳалда ЮНИСЕФ яна бир марта ҳарбий ҳаракатларни шаҳарларни қамал қилиш орқали давом эттиришни бас қилишга чақиради.

20 ноябрь куни Ҳалабга ракета зарбаси берилиши оқибатида шаҳардаги мактаблардан бирининг 5 нафар ўқувчиси ҳалок бўлганди.