Бутунроссия бадиий гимнастика федерацияси (ББГФ)нинг амалдаги президенти, ушбу спорт тури бўйича Россия терма жамоаси бош мураббийи Ирина Винер-Усмонова ташкилот президентлигига тўртинчи марта сайланди.

Бугун ББГФнинг Новогорск шаҳрида ўтказилган конференциясида Алишер Усмоновнинг турмуш ўртоғи бўлмиш Ирина Винер-Усмонова номзодини федерациянинг барча ҳудудлардаги вакиллари қўллаб-қувватлаган.

Конференцияда ташкилот президенти 2013–2016 йиллардаги фаолияти бўйича ҳисобот берди. Йиғилишда ББГФнинг президентидан ташқари, ижрочи директор, вице-президент ва федерация Ижроқўми сайланган.

Ирина Винер-Усмонова 1992 йилдан Олимпия тайёрлаш маркази бош мураббийи, 2001 йилдан бадиий гимнастика бўйича Россия терма жамоаси бош мураббийи сифатида ишлаб келмоқда. Винер-Усмонова 2008 йили ББГФ президенти этиб сайланганди.

2016 йилги Рио-де-Жанейро Олимпиадасида Россия бадиий гимнастикачилари 2та олтин ва 1та кумуш медаль олди.

Эслатиб ўтамиз, 27 ноябрь куни Алишер Усмонов Халқаро қиличбозлик федерацияси раҳбарлигига қайта сайланганди.