Чеченистондаги «Кавказ» федерал трассасида юз берган автоҳалокатда 7 киши ҳалок бўлган. Бу ҳақда республика раҳбари Рамзон Қодиров Instagram саҳифасида маълум қилган. 

Унга кўра, Чернореченск пости яқинида Ford автомобили қарши йўналишга чиқиб кетган ва ичида 5 киши бўлган ВАЗ-21014 русумли автомашинага бориб урилган. Қодировнинг ёзишича, фожиада учта автомобиль иштирок этган, юқоридаги машиналардан ташқари Lada Priora ҳам келиб урилган. 

«Дастлабки маълумотларга биноан, ЙТҲни келтириб чиқарган Ford ҳайдовчиси 1976 йилда туғилган Алам Хожаев, гувоҳларнинг сўзларига кўра, маст бўлган», — деб ёзган Чеченистон раҳбари. 

Оқибатда 7 киши: Хожаев, унинг амакисининг ўғли, 10 ва 14 ёшлардаги икки қиз, ҳамда 26 яшар аёл ва яна икки эркак ҳалок бўлган. Яна икки киши Хожаевнинг 11 яшар ўғли ва Lada Priora ҳайдовчиси жароҳатланган. Улар оғир аҳволда шифохонага ётқизилган.