Ўзбекистондаги президентлик сайловида ЕХҲТнинг 300 нафар кузатувчиси фаолият юритади. Умуман, халқаро кузатувчиларнинг умумий сони 600 нафарга яқин кишини ташкил этади. Бу ҳақда, Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси раҳбари Мирза-Улуғбек Абдусаломов Россия ОАВ вакиллари билан ўтказган матбуот брифингида маълум қилди, деб хабар қилмоқда РИА “Новости” агентлиги. 

"ЕХҲТ биринчи маротаба Ўзбекистон кенг қамровли миссиясини ташкил этди… Бу сафар улар авваллари бўлганидек чекланган вакилларини юбораётгани йўқ. Илгариги сайловларда 20-23 нафар кузатувчи келган. Эндиликда, улар 300 нафар вакилини Ўзбекистонга сафарбар қилган. Шундан 250 нафари қисқа муддатли, 30-35 нафари узоқ муддатли кузатувчи мақомига эга бўлишади. Узоқ муддатли кузатувчилар аллақачон, республиканинг барча ҳудудларида ишламоқда", — деб қайд этган Ўзбекистон МСК раҳбари. 

"Умуман, кузатувчилар географияси жуда кенг… АҚШдан 20 нафар, қолганлари Европа мамлакатларидан келмоқда", — деб қўшимча қилган. "Бугунги кунда сайловларимизга қизиқиш катта. Дунёнинг 50га яқин давлати ўз кузатувчиларини юбормоқда. Уларнинг умумий сони 600дан ошади. Ҳозирда, республикада 50га яқини ишламоқда", — дея қўшимча қилган Абдусаломов.