Хельсинки шаҳрида ва Финляндиянинг бошқа шаҳарларидаги спорт буюмлари сотиладиган дўконлардан Роман Еременко номи туширилган терма жамоа либослари олиб ташланди.

Октябрь ойида Финляндия терма жамоаси ва Москванинг ЦСКА клуби ярим ҳимоячиси Роман Ерёменконинг допинг-тести ижобий чиққанди.

Европа Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичининг 1-турида «ЦСКА» Германиянинг «Байер» клуби билан 2:2 ҳисобида дуранг ўйнаганди. Ерёменко мазкур беллашувда немис клуби дарвозасини ишғол қилган, ўйиндан кейин эса допинг назорати пунктига киритилган.

Қонидан кокаин моддаси топилгани тасдиқлангач, футболчига 18 ноябрь куни 2 йиллик дисквалификация қўлланди. Энди у 2018 йилнинг 6 октябрига қадар расмий футбол мусобақаларида иштирок этмайди.

Роман Еременко Финляндияга кўчиб кетган россиялик футболчи Алексей Еременкнинг ўғли ҳисобланади. Еременко фин фуқаролигини қабул қилган ва шу мамлакат терма жамоасида майдонга тушган.

Финларнинг "Яро", Италиянинг "Удинезе" ва "Сиена", Киевнинг "Динамо" жамоаларидаги фаолиятидан кейин бу футболчи 2011  йилда Россияга келади ва "Рубин" клуби аъзосига айланади. 2014 йилдан эса у ЦСКА учун ўйнай бошлаганди.