Туркиянинг Истанбул шаҳрида саёҳатда бўлган ўзбекистонлик блогер Давронбек Тожиалиев “Фейсбук”даги ўз саҳифасида мазкур шаҳарда саёҳат қилиш борасида ўзининг 10та  тавсияси билан ўртоқлашди.

Айюб Султон мажмуаси. Истанбул

1. Зиёратни, аввало, Айюб Султон мозори ва жомеъ масжидидан бошланг. Ўзгача файзни ҳис этасиз.

2. Фотиҳ, Сулаймония, Волида Султон жомеъ масжидларини, албатта, зиёрат қилинг. Айниқса, муҳташам Сулаймония масжиди қалбингизни ҳаяжонга тўлдириши аниқ. 

3. Соҳилга яқин Эминўну мавзесидан трамвай йўли бўйлаб, юқорига – Султон Аҳмад майдонигача пиёда кезинг. Йўл-йўлакай турк маданиятининг намуналарини томоша қиласиз.

Султон Аҳмад жомеъ масжиди

4. Султон Аҳмад ва Аясофия масжидлари азонига сомеъ бўлинг. Навбат билан айтиладиган азондан роҳатланасиз. Султон Аҳмад жомеъсининг хонақоси ўзгача гўзал. 

5. Тўпқопи сарой-музейи, хусусан, “Муқаддас омонатлар” бўлимини зиёрат қилинг. Бу бўлимда Ислом тарихининг энг ноёб экспонатлари – Пайғамбаримиз с.а.в.нинг ҳирқалари, соқоллари, Уҳуд жангида синган тишлари, оёқ излари, мактублари ва қиличлари, Иброҳим алайҳиссаломнинг қозончаси, Мусо алайҳиссаломнинг асоси, Ҳазрати Довуднинг қиличи, Юсуф алайҳиссаломнинг жуббаси, саҳобаи киромларнинг шамширлари, Ҳазрати Фотима ва Ҳусайн р.а.ларнинг кўйлаклари ва бошқа бебаҳо атиқалар сақланади.

Эминўнудан Галата минораси панорамаси

6. Тушдан сўнг Галата минорасига чиқинг. У ердан Истанбулнинг тарихий масканлари гўзал тарзда намоён бўлади.

7. Босфор бўғозини, албатта, кемада сайр этинг. Сайр асносида денгиз ҳавосидан тўйиб нафас оласиз. Соҳил бўйидаги тарихий иншоотлар, бетакрор табиат манзарасини кўриб, завқланасиз.

8. Эминўну мавзесида тарихий балиқли нондан (Balık Ekmek) тотиб кўринг. Бўғоздан тутилибоқ қовурилган балиқнинг мазаси оғзингизда қолади. Турк таомлари жудаям мазали. Сизга яхши дея тавсия этилган таомни бемалол тановул қилаверинг. Лекин, ширинликлардан эҳтиёт бўлинг: шакари ҳаддан зиёд кўп бўлиши мумкин.

9. Замонавий Истанбулни кўрмоқчи бўлсангиз, Истиқлол шоҳкўчаси бўйлаб, Тақсим майдонигача пиёда кезинг. Шу кўчадан тарихий трамвай ҳам қатнайди.

Туристлардан бўшаб қолган Султон Аҳмад майдони

10. Харид учун бир кунни ажратинг. Истанбулнинг Лолали мавзесида нарх-наво нисбатан арзон. Шунингдек, йирик савдо марказларида (AVM) ҳам арзон ва сифатли маҳсулотлар топса бўлади. Лолали, Боязид, Капаличарши бозорларида худди ўзимиздагидек, бемалол талашиб-тортишиб савдо қилиш мумкин.