Анқара ва Брюссель ўртасидаги муносабатларнинг ёмонлашиши Туркиядан кўра кўпроқ Европа Иттифоқига катта зиён етказади, деб айтди Туркия бош вазири ўринбосари Нўъмон Куртулмуш.

"Шуни билиш керакки, бизнинг ЕИ билан муносабатларимизнинг ёмонлашиши Европа Иттифоқининг ўзига катта зиён етказади. Европа сиёсати учун ЕИ саммитида унинг етакчилари Анқарани қўллаб-қувватловчи қарор қабул қилишлари ҳаётий зарурият", деб айтди Куртулмуш Анқарадаги матбуот-анжуманида.  

Куртулмуш Европарламентнинг Туркия билан унинг ЕИга кириши бўйича музокараларни тўхтатиб туриш чақириғи билдирилган резолюциясини кескин танқид қилди. Куртулмушнинг айтишича, Европарламент ультраўнг кучлар таъсирига тушган ҳамда Туркияни рад этиш позициясидан ҳаракат қилмоқда. "Бу резолюция Европа сиёсати учун хавотирли сигналдир", деб қўшимча қилди Куртулмуш.

Европарламент 24 ноябрда Страсбургдаги ялпи йиғилишида Анқара билан музокараларни "музлатиш" чақириғи билдирилган резолюцияни маъқуллади. Бунга жавобан Туркия президенти муҳожирларнинг Европага боришидаги тўсиқларни олиб ташлаш билан таҳдид қилган.