... Исмат бозордан уйига қайтди-ю, пулларини ҳисоб-китоб қилгач, ўрнига чўзилди. Қизи Манзура келиб, жияни Бобомурод чақираётганини айтди. Кўчага чиққан Исмат жиянини тополмади. Болалар унга акаси Нурмат бозордан қайтишда Бобомуродни сўкиб, юзига урганини, Бобомурод ерга йиқилиб қолгандан кейин ҳам тош билан бошига урганини айтиб беришди.

“Ҳуқуқ” газетасининг хабар беришича, уйга кириб, бироз дам олган Исмат уйқудан турганида отасининг ҳовлисидан акасининг овозини эшитди. Юзини чайиб, ўғилчаси билан ўша томон юрди. Чорпоя ёнида акаси онасига жияни билан жанжалнинг тафсилотларини тушунтираётган экан. 

Гапдан-гап чиқиб, Нурмат Исматга ёпишиб, уни дўппослай бошлади. Исматнинг кўзлари қонга тўлди. Каравот устида ётган пичоқни олиб, уни бақираётган акасининг кўкрагини мўлжаллаб санчди. Қонни кўрган онаси ва қаердандир пайдо бўлиб қолган хотини Гулмира қичқириб юборишди. Гулмира югуриб келиб, қайноғасини ушлади. Исмат ҳезланиб келди-ю, пичоқни яна икки бор санчди. 

Жиноят ишлари бўйича вилоят судида Косон туманида туғилган Исмат Ҳамроевнинг жиноят иши кўрилди. Ўта шафқатсизлик билан яқинларининг кўз ўнгида қотиллик жиноятини содир этган И.Ҳамроевга ўн олти йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.