Ўзбек халқининг севимли шоири ва жамоат арбоби, Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг собиқ раҳбари, Ўзбекистон мадҳиясининг сўзлари муаллифи, «Марказий Осиё халқлари маданияти Ассамблеяси» халқаро ижтимоий ҳаракатининг вице-президенти ва Ўзбекистондаги Интеллектуал мулк агентлиги раҳбари – Абдулла Орипов (1941-2016) ҳаётдан кўз юмди. У лицейимиз томонидан ўтказилган кўпгина маданий тадбирларда иштирок этиш мақсадида бу ерга келиб турар эди. Ягона ўғли бизнинг «Интерхаус»имизда таълим олган. Шу сабабли, жамоамиз орасида шоирнинг номи тез-тез ва илиқлик билан тилга олинади.

Ўзбек халқининг буюк фарзанди, Ўзбекистон Республикасининг биринчи президенти Ислом Каримов 2001 йилда Абдулла Ориповнинг 60 йиллик тўйи муносабати билан қутлаб, шундай деган эди: «Ҳозирги кунда халқимиз, 500 йилдан зиёд вақт ўтган бўлишига қарамай, Ҳазрати Алишер Навоийни қалбида сақлаганидек, Сизни ҳам, азизим Абдуллажон, асрлар оша унутмайдилар…».

Абдулла Ориповнинг ижоди ва ижтимоий фаолияти тўғрисида ўзбекистонликлар кўп маълумотга эга. Бироқ Абдулла аканинг халқаро майдондаги улкан хизматларини кўпчилик танимайди: 1995 йилда Марказий Осиё халқлари маданияти вакилларининг Биринчи Қурултойига делегат, 4 йилдан сўнг эса раҳбари этиб сайланди. Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти И.А.Каримов ташаббуси билан ҳамда қардош давлатлар Президентларининг қўллаб – қувватлаши, шунингдек, маданият арбобларининг фаол иштирокига биноан, 1995 йилнинг 21-22 ноябрь кунларида Тошкент шаҳридаги «Туркистон» саънат саройида «Туркистон - умумий уйимиз» шиори остида, мустақил давлатлар миллий маданиятини ўзаро ривожлантириш ва интеграциялаштиришга қаратилган кучли қурол яратилди.

Н.А. Назарбаев, А.А.Акаев, Э.Ш. Раҳмонов ва И.А.Каримов Ўрта Осиё ва Қозоғистон халқларининг атоқли маданият арбоблари форуми ишида иштирок этишлари учун ҳар бир мамлакатдан 50 нафардан вакил юборишди. Қурултойнинг очилиш маросимида Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон Президентларининг Биринчи Қурултой қатнашчиларига жўнатган салом сўзлари ўқиб эшиттирилди.

Тошкент шаҳри - «Ассамблея»нинг Бош қароргоҳи деб қабул қилинди, бутун дунёга машҳур қирғиз ёзувчиси Чингиз Айтматов – «Ассамблея»нинг Президенти этиб тайинланди. Бундан ташқари, Бош қароргоҳда фаолият юритиши учун 2 нафар биринчи вице-президент, ҳар бир мамлакатда «Ассамблея» филиали бошқарувчиси сифатида 1 нафардан вице-президент сайланди, Бош Кенгаш (20 нафар аъзодан иборат) ва Ревизия коммисияси (5 нафар аъзодан иборат) ташкил қилинди.

Абдулла Орипов Ўзбекистон пойтахтида жойлашган «Ассамблея»нинг Бош қароргоҳи фаолиятида сермаҳсул иш олиб борди. Шунинг натижасида 1999 йил 26 март куни Франция пойтахти Парижда жойлашган ЮНEСКОнинг Бош қароргоҳи биносида бўлиб ўтаётган Олий Кенгаш мажлисида Абдулла Ориповни Ўзбекистон Республикаси томонидан «Марказий Осиё халқлари маданияти Ассамблеяси» вице-президенти қилиб сайлашди.

Абдулла ака машҳур қирғиз ёзувчиси, давлат ва жамоат арбоби , Иссиқ-Кўлда биринчи халқаро « галстуксиз учрашув»ни олиб борган, бир нечта халқаро нодавлат ижтимоий ташкилотлар: Иссиқ-Кўл Форуми (Бишкек,1986), ХИҲ ассамблеяси (Тошкент,1995), Араб-турк Маркази ( Маънавият, маданият, иқтисод) ( Бишкек,1986) ва бошқаларга раҳбарлик қилган – Чингиз Торекулович Айтматов асос солган ва бошқарган Марказий Осиё халқлари дипломатиясини ривожлантириш ишларига улкан ҳисса қўшди.

ХИҲ ассамблеяси раҳбарияти: ўртада- Чингиз Айтматов-президент, Абдулла Орипов-вице- президент, икки чеккада - Одил Ёқубов ва Фазлиддин Хамраев, биринчи вице- президентлар, чап тарафда Генерал Қосимов Баҳодир Эргашевич - ФВВ вазири.

 

Ўзбекистон элчихонаси вакиллари билан Франциядаги учрашув.

  

ЮНЕСКО Бош директори Федерико Майорнинг “Ассамблея” Олий Кенгаши аъзолари билан учрашуви (1999 йил 26 март, Париж).

«Ассамблея»нинг режасига биноан, Абдулла ака 1999 йилда ёш шоирларнинг биринчи республика семинарини ўтказиши, сўнг Марказий Осиё миқёсида ҳам худди шундай семинарни ташкил этиши лозим эди. Шу муносабат билан у Жиззах вилоятининг ёш ҳокими Ш.М.Мирзиёевга республика семинарини ўтказишда ёрдам беришини илтимос қилиб мурожаат этди. Шавкат Миромонович унга жавобан: «Шоирлар – миллатимиз бойлигидир!», деди. У нафақат ёш шоирлар учун ниҳоятда муҳим ва эсда қоларли анжуманни ташкил қилишда ёрдам берди, балки унга ҳомийлик қилиб, ҳар бир иштирокчига эсдалик совғаларини тортиқ этди. Ушбу икки кунлик анжуманда ҳар бир вилоятдан ташриф буюрган ёш шоирлар ўзларининг янги шеърлари билан қатнашиб кенгашдилар ва ҳайъат аъзолари ғолибларни аниқлади. Семинарга тўпланганлар катта қизиқиш билан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Жиззахдаги филиали, улкан ёпиқ Спорт мажмуаси, ипподром, стадион ва бошқа янги қурилган ижтимоий-маиший объектларни кўздан кечирдилар.

Тадбир ўз ниҳоясига етганидан кейин Абдулла ака ва мен Брюсселга, «Ассамблея» президенти Чингиз Айтматовга қўнғироқ қилдик ва Жиззахда муваффақият билан ўтказилган тадбир ҳақида ҳисобот бердик. Чингиз Айтматов Брюсселда Қирғизистоннинг БEНИЛЮКС давлатларидаги, Францияда эса 1994-2007 йилларда Фавқулодда ва Мухтор элчиси, шунингдек, Қирғизистоннинг Европа Кенгаши ва ЮНEСКО (1994-2007)даги Мухтор элчиси сифатида яшаган ва фаолият юритган. Илгарироқ у Люксембургда (1990-1993) собиқ иттифоқ ва Россиянинг Фавқулодда ва Мухтор элчиси бўлиб хизмат қилган. ЮНEСКО маълумотларига кўра, 1998 йилда Чингиз Айтматов асарлари энг кўп чоп этилган замонавий классик адиблардан эди. Унинг китоблари 165 та тилда 67 миллион 200 минг нусхада 830 марта чоп этилган.

1999 йил. Жиззах вилояти ҳокими ёш шоирлар республика семинари иштирокчиларини меҳмондўстлик билан кутиб олмоқда: ўртада Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ шоири Абдулла Орипов ҳамда Шавкат Мирзиёев.

 

«Ассамблея» вице-президенти, Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ шоири Абдулла Ориповнинг 60 йиллик юбилейи тантанасида «Ассамблея» президенти Чингиз Айтматов номидан юборилган эсдалик совғаси тақдим этилиш маросими.

Машҳур ёзувчи шундай қийин пайтда ҳам шеъриятни қадрловчи раҳбарлар борлигига хурсанд бўлди ва Жиззах вилояти ҳокимини « Марказий Осиёнинг биринчи шеърият метсенати» деган ном билан атаб, унга ўз номидан алоҳида миннатдорчилик билдиришларини сўради. Эртаси куни шу мазмунда телефакс жўнатиб, Олма-Ота (Қозоғистон), Бишкек (Қирғизистон) ва Душанбе (Тожикистон) даги Ассамблея ХИҲ филиалларига ана шундай анжуманларни ўтказишда ўзбек ҳамкасбларидан ибрат олишлари ҳамда санъатни қадрловчи ҳомийлар топишларини таклиф қилди.

«Ассамблея»нинг иш фаолиятини юритишда Марказий Осиё халқларининг таниқли маданият, илм ва санъат арбоблари: Чингиз Айтматов, Одил Ёқубов, Пўлат Хабибуллаев, Фазлиддин Ҳамраев, Абдулла Орипов, Абдуҳамид Самадов, Ўлмас Мирсаидов, Аслиддин Низомов, Тулепберген Қаипбергенов, Абжемил Нурпеисов, Нурлан Оразалин, Мухтар Шаҳанов, Казат Акматов, Рустам Раҳманалиев ва бошқа атоқли ёзувчи, шоир, олим, рассом, санаъткор, режиссёрлар фаол иштирок этишди.

Шу ўринда машҳур ёзувчи Чингиз Айтматов ҳақида иккита тарихий воқеани ёдга олсак:

  1. Ўзбек халқи учун ниҳоятда оғир бўлган «пахта иши», «ўзбек иши»га айлантирилган, республика бошқарувининг барча жабҳаларидаги ўн минглаб раҳбарлар маҳкум қилинган ўша машъум 1985-1990 йилларда совет зиёлилари орасида биргина Чингиз Айтматов «Правда» рўзномасида эълон қилган мақоласида ўзбек халқини ҳимоя қилувчи овоз берди. У дунёга шунча олиму фозилларни инъом этган, кўҳна маданият соҳиби бўлмиш ўзбек халқининг жиноятчи бўлиши ҳақиқатдан мутлақо йироқ эканлиги тўғрисида куюниб ёзган эди. Ёзувчининг матбуотдаги мардона чиқишидан сўнг Марказ раҳбарлари минглаб бегуноҳ одамларни қамоқхона азобидан холис этишга мажбур бўлдилар.
  2. Амир Темурнинг 660 йиллик тўйи тантаналари муносабати билан 1996 йил 21 ноябрда ўтказилган илмий-амалий конференцияда Чингиз Айтматов ўз мақоласида қуйидагича изоҳ келтиради: « Византия славян халқлари тақдирида қандай муҳим роль ўйнаган бўлса, ўзбек халқи ҳам Марказий Осиё туркий халқлари ҳаётида салоҳиятли ўринга эга». Эсимизда, унинг шу сўзларидан кейин Тошкентдаги «Туркистон» саройи зали гулдурос қарсаклардан ларзага келди ҳамда Президент И.А.Каримов бошчилигида конференция қатнашчилари буюк қирғиз ёзувчисига миннатдорчилик билдиришди.

ТИМИ қошидаги “International House-Tashkent” академик лицей ходимлари ва фалсафа фанлари номзоди, бош ўқитувчи, "Ассамблея"нинг собиқ вице-президенти Фазлиддин Хамраев томонидан тайёрланди.

Таржимон - Нигора Камолиддинова
Суратлар - Шерзод Миркамолов
Тақризчи - Алишер Тиллаев