Владивосток атрофидаги Спутник бекати яқинида даҳшатли топилма аниқланган. Хабарларга кўра, темир йўл линиясида танасидан узилган инсон боши, қўл ва оёқ қисмлари топилган. Полиция ходимлари олиб борган тезкор чоралар натижасида Ўзбекистон фуқаросини ўлдириб, уни бўлаклашда гумон қилинган 2 киши қўлга олинган. 

VL.ru агентлигининг ҳуқуқ идораларидаги манбасининг сўзларига кўра, инсон танаси аъзолари 25 ноябрь куни кечқурун, Спутник бекатидан 300 метрлар узоқликда темир йўл полотносида топилган. Ҳодиса жойига етиб келган полициячилар жиноятчиларни қидириш ишларини бошлаб юборган. 

Оператив амалиёт натижасида Александрович кўчасидаги хусусий уйлардан бирида истиқомат қилувчи 62 ёшли эркак ва унинг 32 ёшли ўғли қўлга олинган. Уйнинг ертўласида қон излари ҳамда пичоқ ва арқонга дуч келинган. Ушланганлар ўз қилмишларига иқрор бўлиб, унчалик ҳам яхши таниш бўлмаган ўзбекистонлик билан спиртли ичимлик ичиш чоғида ўзаро жанжал келиб чиққанини айтишган. Шундан сўнг, ота-бола қотиллар жабрдийдани пичоқлаб, сўнгра ертўлага олиб тушишган. Бу ерда уни бўлакларга бўлишган. 

Ўз жиноятларини яшириш мақсадида қотиллар бўлакларни темир йўлга олиб бориб ташлаган. Маълум бўлишича, жиноятчилар қўлидан ҳалок бўлган шахс Ўзбекистоннинг 29 ёшли фуқароси бўлган. 

Айни вақтда, қотиллик бўйича жиноий иш қўзғатилган. Терговчилар воқеанинг барча тафсилотларини ўрганмоқда.