WikiLeaks портали АҚШнинг 1979 йилги ярим миллиондан ортиқ дипломатик ҳужжатларини элъон қилди. Бу ҳақда ресурс асосчиси Жулиан Ассанж матбуот релизида хабар берган.

Чоп этиш бугун амалга оширилган бўлиб, бу “кейблгейт” (АҚШ дипломатик телеграммаларининг сизиб чиқиши)нинг олти йиллиги кунида содир бўлди. Унинг оқибатида WikiLeaks ва бир қатор ОАВларида махфий ҳужжатлар ошкор этилганди.

Бу сафар эса портал деярли 532 минг дипломатик материалларни тақдим этди. Ассанжнинг сўзларига кўра, айнан 1979 йилда замонавий даврнинг бошланиш нуқтаси бўлган экан. WikiLeaks асосчиси бунга мисол тариқасида Эрондаги ислом инқилоби, Миср ва Исроилнинг Кэмп-Дэвид келишуви, Афғонистонга Собиқ Иттифоқ қўшинларининг киритилиши, Саддам Ҳусайннинг ҳукуматга келиши, Буюк Британияда Маргарет Тэтчернинг ғалабаси ва бошқа воқеаларни келтирган.