АҚШ давлат котиби Жон Керри лавозимини тарк этгунга қадар Суриянинг Ҳалаб шаҳрини қамал қилишга барҳам бериш бўйича Россия билан келишувга эришиш борасида қаттиқ меҳнат қилмоқда. The Washington Post нашрида чоп этилган мақола муаллифи Жош Рожин шундай фикрда.

Унинг сўзларига кўра, Керрининг шошилишига Ҳалабдаги гуманитар аҳволнинг аянчли эканидан ташқари, АҚШ янги президенти Дональд Трампнинг бу борада Москва билан «бошқача битимни тузиш эҳтимоли» ҳам сабаб бўлмоқда. Бунинг оқибатида АҚШ Сурия мухолифатини қўллаб-қувватлашдан маҳрум бўлиши, бу эса, ўз навбатида, Вашингтонни Сурия президенти Башар Асад томонига ўтказишига олиб келиши мумкин. 

Рожиннинг қайд этишича, давлат котиби янги дипломатик вазифа устида «яширинча» ишламоқда. Хусусан, президент Барак Обама маъмуриятидаги 4 нафар мулозимнинг журналистга маълум қилишича, бу шунчалик таваккалчиликка асосланган уринишдан бошқа нарса эмас. Бироқ, айни шу битим Россия ва Сурия армиясининг Ҳалаб ҳудудига зарба беришига барҳам бера олади. 

Таъкидланишича, айни вақтда, фақатгина Ҳалаб бўйича келишув муҳокама қилинмоқда. Унга Саудия Арабистони, Қатар, Туркия ва айрим бандларга Эронни ҳам жалб этиш режалаштирилган.
 
Умуман режалаштирилаётган битим имзолангудек бўлса, Сурия мухолифати ўз аъзоларини террорчилик гуруҳлари деб тан олинган жангарилар таркибидан чақириб олади. Шундан сўнг, террорчи-жангарилар шаҳарни тарк этади, бунга жавобан Россия ва Асад тузуми Ҳалаб қамалига барҳам бериб, шаҳарга гуманитар карвонлар киришига йўл қўяди.