«Зенит» ҳужумчиси Артём Дзюба ва жамоа дарвозабони Юрий Лодигин Россия чемпионатининг 15-тури доирасида «Краснодар»га қарши кечган ва қўшимча вақтларда ўтказилган 2 гол туфайли мағлубият билан якунланган ўйиндан кейин ўзаро жанжаллашиб кетишган. «Спортфакт» манбаси хабарига кўра  Александр Кокорин уларни ажратиб қўйган.

Манбанинг ёзишича, Кокорин кийим алмаштириш хонасида Артём Дзюба ва Юрий Лодигин ўртасига тушган. Бу футболчилар бир-бирини ҳақоратлаб бўлгач, орани очиқ қилиб олиш учун муштларни ишга солишга шайланганида Кокорин уларни муросага келтирган. 

Эслатиб ўтамиз, Артём Дзюба ўйиннинг 86-дақиқасида гол уриб жамоасини олға бошлаган, мезбонлар сафида Марат Измайлов ва Торнике Окриашвиле қўшимча дақиқаларда 2та гол уриб, ғалаба қўлдан бой берилганди.

Санкт-Петербург жамоаси бу мағлубиятдан кейин 31 очко билан пешқадам  «Спартак»дан 6 очко ортда қолмоқда, Игорь Шалимов шогирдлари 27-очко билан учинчи ўринда жойлашган. 

Қайд этиш керакки, иккинчи гол ўтказилганидан кейин ўйин телетрансляция вақтида Дзюба ўзини тута олмаган эпизодлар кўрсатилганди.

РФПЛнинг 13-тури доирасидаги «Краснодар» — «Зенит» учрашувини «Наш футбол» телеканали орқали шарҳлаган Константин Генич петербургликлар жамоасидаги ички муҳит ёмонлиги ҳақида айтиб ўтганди. Твиттер фойдаланувчиларидан бири Геничдан питерликлар кийим алмаштириш хонасида муштлашув рўй бергани ҳақидаги хабарга муносабатини сўраган.

«Жудаям бўлиши мумкин», — дея жавоб қайтарган шарҳловчи.

«Зенит» жамоаси матбуот хизмати раҳбари Дмитрий Циммерман «Краснодар»га қарши мағлубиятли ўйиндан кейин футболчилар ўзаро жанжаллашгани ҳақидаги хабарни инкор этди.

«Бу асоссиз миш-миш. Ҳеч қанақа муштлашув бўлмади ва бўлмайди ҳам», — дея Циммерманнинг сўзларини келтирган «Спорт-экспресс».

«Зенит» кийим алмаштириш хонасида жанжал келиб чиқди