Ҳаитининг ҳукуматпараст "Тет Кале" партияси номзоди Жовенель Моиз, дастлабки натижаларга кўра, президентлик сайловининг биринчи турида 55,67 фоиз овоз тўплаб ғалаба қозонишга муваффақ бўлган, деб хабар қилмоқда Франс Пресс агентлиги.

Муваққат сайлов кенгаши раҳбари Удер Антуаннинг баёнот беришича, Жовенель Моиз сиёсий рақибларини катта фарқ билан ортда қолдирган. Президентлик учун кураш олиб борган Жюд Селестан 19,52 фоиз, Жан-Шарль Моиз 11,04 фоиз ва Мариз Нарсисс 8,99 фоиз овоз тўплай олган. Хабар қилинишича, сайловларнинг якуний натижаси 29 декабрда эълон қилинади. 

Умуман давлат раҳбарлиги лавозимига 27 нафар номзод кураш олиб борган. Бироқ, юқоридаги 4 нафар сиёсатчи асосий даъвогар ҳисобланган. 

Ҳаитидаги президентлик сайловининг биринчи тури 2015 йил октябрь ойида ўтказилган эди, аммо унинг натижаси адолатсиз усуллардан фойдаланилгани ва хавфсизлик нуқтаи назаридан бекор қилинганди. Шундан сўнг, янги сайловлар 2016 йил 9 октябрга белгиланган, бироқ, кейинроқ у ҳам ортга сурилганди. 

Ҳаити президенти Мишель Мартелли эса февраль ойида ўз лавозимидан истеъфо берди. Чунки, давлат раҳбарини сайлаш бўйича овоз бериш муддати норозилик намойишлари ва хавфсизликни таъминлаш мақсадида бир неча маротаба кўчирилди. У истеъфога чиқишдан аввал, парламент билан муваққат ҳукумат тузиш борасида келишиб олган эди. Ҳаити президенти вазифасини бажарувчи Жосолермо Превер 14 февралда Миллий Ассамблея томонидан ушбу лавозимга сайланганди.