Биологик материаллар ва ҳатто инсон ички аъзоларини 3D-нашр технологияси воситасида ишлаб чиқариш мумкинлиги ҳақида бир неча марта ҳикоя қилганмиз. Сўнгги бир неча йиллар давомида ушбу соҳада изланишлар олиб борилаётгани натижасида ушбу йўналишга доир фан анча илгарилаб кетди. 

Шу боисдан ҳам, Квинсленд технология университети Metro North Hospital шифохонаси мутахассислари билан ҳамкорликда «Биофабрикация институти» деб номланувчи марказни барпо этиш режаси хусусида эълон қилди. Марказ ходимлари беморларга зарур бўлган материални скан қилиб, моделлаштиришади ҳамда махсус 3D-принтерларда ишлаб чиқишади. 

Австралия соғлиқни сақлаш вазири Кэмерон Дик ушбу марказ келажагига катта ишонч билан қараётганини билдирган. Унинг сўзларига кўра, бутун дунёда бионашр билан алоҳида лабораториялар ва якка тартибдаги олимлар шуғулланаётган бир вақтда, Австралия ушбу технологияни янги даражага олиб чиқади ва уни оммавийлаштирган илк давлат бўлади. Марказ 2017 йилда ўз фаолиятини бошлаши керак.