БМТ бош котибининг гуманитар масалалар бўйича ўринбосари Стивен О'Брайеннинг маълум қилишича, Суриянинг Ҳалаб шаҳрида деярли 16 минг киши шаҳарнинг шарқий қисмида жанглар бошланишидан бир неча кун аввал ўз уйларини ташлаб чиқиб кетишган.

"Ҳалабнинг шарқий туманларида сўнгги кунларда кузатилган ҳужумларнинг кўпайиши минглаб тинч аҳолини шаҳарнинг бошқа қисмларига қочишга мажбур қилди. Хабарларга кўра, 16 минг киши ўз уйини ташлаб чиқиб кетган", — дейилади О'Брайеннинг баёнотида.

Ўринбосарнинг таъкидлашича, шаҳарнинг бу қисмида касалхоналар ишламаяпти, озиқ-овқат захиралари ҳам охирлаб қолган. Жанглар шу тарзда давом этса, вақтинчалик хавфсиз жойларга кўчиб кетганлар сони бир неча минг кишига етиши мумкин.

Маълумот учун, Ҳалабдаги вазият сўнгги ойларда ўта мураккаблашган. Шаҳар ва унинг атрофида оғир жанглар кечмоқда. Террорчилик гуруҳлари эса шаҳарнинг шарқий мавзеларида 200-300 мингга яқин тинч аҳолини куч билан ушлаб турибди.