Интернет орқали сўзларни таржима қилиш хизматини таклиф этувчи Dictionary.com асосчилари 2016 йилнинг энг оммабоп сўзини аниқлашди. Унга кўра, бу сўз «ксенофобия»дир, деб хабар қилмоқда CNN.

Сайт муаллифларининг айтишларича, бу йил инсонларни энг кўп қизиқтирган сўз ана шу ибора бўлган. 

Луғат ушбу тушунчанинг бир нечта изоҳини келтирган. Улар орасида «қўрқув ёки бегона бирон шахсга нисбатан кўролмаслик ҳисси» ёхуд «қўрқув ёки маданий жиҳатдан умум қабул қилинган тамойиллардан фарқланувчи кишиларни қабул қила олмаслик» кабилар бор.

Билл Клинтон АҚШ президенти бўлган даврда меҳнат вазири бўлган Роберт Рейх бу вазиятга шундай изоҳ берган: «Ксенофобияни глобаллашув даражасининг ўсишига нисбатан реакция деб қабул қилиш мумкин. Бироқ у бизнинг ўзимизни ажратади.  Ксенофобия ҳақоратлаш ва қўрқитишни, ёки ундан ҳам ёмонроқ ҳолатни ифодалайди, у бизни бағрикенгликнинг зидди бўлган ҳурматсизлик ва кўролмаслик томон ундайди».

Маълумки, АҚШ президентлик пойгаси чоғида республикачилар партияси номзоди Дональд Трамп бир неча маротаба ксенофобияда айбланди. У мусулмонларнинг мамлакатга киришини тақиқлаш, ноқонуний муҳожирларни Мексикага депортация қилиш ва икки давлат ўртасида чегара деворлари барпо этиш хусусидаги фикрлари учун шундай айбловларга дучор бўлган эди.