Дунёдаги энг ёши улуғ инсон, 1899 йилда таваллуд топган Эмма Морано 29 ноябрь, сешанба куни ўзининг 117-таваллуд айёмини нишонлади. Бу ҳақида Daily Sabah нашри хабар берди

Морано 1899 йилнинг ноябрида дунёга келган. У ўз ҳаёт йўлида уч аср, икки жаҳон уруши ва 90 Италия ҳукуматига гувоҳ бўлди. 

Аёлнинг дўстлари, қўшнилари ва шифокори Мажор кўли қирғоғида жойлашган Вербания шаҳридаги уйида ушбу муборак санани нишонлашга йиғилишди.

"Менинг ҳаётим у қадар силлиқ кечмади. Мен 65 ёшга тўлгунга қадар заводда ишладим", - дейди дераза ёнида елкасига оқ рўмол ташлаб олган аёл. 

Беш йил аввал La Stampa газетасига берган интервьюсида у севган инсони Биринчи жаҳон урушида ҳалок бўлгани ҳамда шундан кейин ўзи севмаган кишига турмушга чиқишга мажбур бўлганини айтган. 

"26 ёшимда у киши "ё менга турмушга чиқасан, ёки мен сени ўлдираман", деб айтган ва биз шу тариқа турмуш қурганмиз".

Бу бахтсизликка маҳкум турмуш эди. 1937 йилда аёл ўғил фарзанд кўрган, бироқ бола 6 ойилигида ҳаётдан кўз юмган ва шундан сўнг Морано ҳақоратчи эрини ҳайдаб солган. 

"1938 йилда мен ундан узоқлашдим. Ўйлашимча, мен Италияда шундай йўл тутишга журъат қилган илк аёллардан бири бўлганман".

Морано бир ўзи истиқомат қилади. У 8 нафар опа-укаларининг ҳаммасини тупроққа топширган. Улардан бири 102 ёшда ҳаётдан кўз юмган. Морано эса бардам. 

"Мен уни биринчи марта кўрганимда бир кунда 3та тухум истеъмол қилар эди - иккитаси хом ҳолича, биттаси эса - қовурилган. Бугунги кунда у иккита тухум тановул қилади, бундан ортиғи оғирлик қилишидан қўрқади", - дейди унинг шифокори Карло Бава. 

Шифокорнинг сўзларига кўра, Морано мева ё сабзавотларни кўп истеъмол қилмайди. Унга ҳар доим бир хил овқатланиш хосдир.