Мадриднинг «Реал» клуби ҳужумчиси Криштиану Роналду Испания чемпионатининг 14-турида «Барселона»га қарши учрашувдан олдин кичик жароҳат олган. Бу ҳақда As нашри хабар тарқатди.

Манбага кўра, Роналду дубль қайд этган 13-тур доирасидаги «Спортинг Хихон»га қарши учрашувдан сўнг (2:1) португалиялик футболчининг оёғининг сон қисмида бир қанча муаммолар борлиги ҳақида хабарлар тарқалган эди. Аммо 28 ноябрь куни Роналду умумий гуруҳ билан машғулот ўтади ва Каталониядаги учрашувда майдонга тушиши кутилмоқда.

Қайд этиб ўтиш жоиз, «қаймоқранглилар» бош мураббийи Зайнидин Зидан «класико»да шу ҳафта жаррроҳлик столига ётқизиладиган Гарет Бэйл хизматидан фойдалана олмайди.

Испания чемпионатининг 14-тур марказий учрашуви 3 декабрь куни «Камп Ноу» стадионида Тошкент вақти билан 20:15 бошланади.