Туркия ўзининг кейинги ривожланишининг кўплаб йўлларига эга ва улардан бирини танлаши мумкин, деб айтди Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Европа Иттифоқи билан муносабатларнинг кескинлашувига изоҳ бериб.   

Европарламент 24 ноябрда Страсбургдаги ялпи йиғилишида Туркиянинг Европа Иттифоқига кириши бўйича музокараларни тўхтатишга чақирувчи резолюцияни маъқуллади. Бу эса Анқара томонидан кескин муносабатни келтириб чиқарди. Туркия бош вазири Бинали Йилдиримнинг айтишича, ҳужжат унинг давлати учун ҳеч қандай ҳуқуқий кучга эга эмас.

"Албатта, биз ЕИнинг Туркияга нисбатан бундай ҳақоратли муносабатидан ранжиганмиз. Шунга қарамай, биз ҳозирча ЕИ билан муносабатларни тўхтатмадик. Бироқ эътибор беринг, мен "ҳозирча" деб айтмоқдаман Афсуски, айни вақтда вазият ижобий фикрлашга ижозат бермаяпти. Бироқ шуни ҳам унутмаслик керакки, Туркияда ҳамиша кўплаб танлов мавжуд ва у улардан бирортасини танлаб, ўз йўлини давом эттириши мумкин", деб айтди Эрдўған Истанбулдаги анжуманда. 

Эрдўғаннинг айтишича, Туркия мафкурага бўйсундириш мумкин бўлган давлатлар қаторига кирмайди. Туркия икки, уч карра кўпроқ ишлаши мумкин, бироқ бошини эгмайди, деб қўшимча қилди Эрдўған.