2016 йил Венесуэлада инфляция даражаси 720 фоизни ташкил этмоқда. Шу боис маҳаллий дўконларда пулларни санаб олишда тарозилардан фойдаланишмоқда.

Айни дамда мамлакат миллий валютасининг энг йирик купюраси қора бозорда 5 АҚШ центига тенг. Бир боливар уч тийиндан сал юқори қийматда.

Мамлакатда инфляция муаммоси шу даражага етдики, маҳаллий аҳоли дўконларга пулларини рюкзак ёки сумкаларда олиб боришмоқда.

Қиммат пишлоқ сотувчи маҳаллий савдогар Bloomberg агентлигига сўзлаб беришича, у пулларни ҳисоблаш учун пишлоқ тортиладиган тарозидан фойдаланади.

Гиперинфляция, шунингдек, банкоматларни ҳам ишдан чиқарган. Чунки уларни ҳар уч соатда тўлдириб туришга тўғри келмоқда. Уларнинг айримлари ҳатто ишдан чиққан. 

Мамлакатдаги оғир вазият туфайли электрон тўлов тизими оммалашди, бироқ кичик бизнес вакиллари пластик карталарни қабул қилишни исташмаяпти. Шу боис мазкур технологияни жорий этиш даражаси пастлигича қолмоқда.