Ҳиндистон ҳукуматига 564 нафар маочи жангари таслим бўлди. Улар сўнгги 28 кун мобайнида мамлакатда олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида ўз ихтиёрлари билан таслим бўлгани бир ойдаги энг юқори натижа сифатида қайд этилган, деб ёзмоқда Times of India нашри.

Ҳиндистонда наксалитлар деб аталувчи маочи жангарилар мамлакатнинг қатор штатлари — Бихар, Чхаттисгарх, Жаркханд, Орисса ва бошқа ҳудудларда фаолият юритади. Жангарилар чангалзорларда яшириниб, партизанлик урушини олиб боради ҳамда ҳокимият вакилларига ҳужум қилиш учун аҳоли пунктларига хуруж қилиб туришади. 

Нашрнинг ёзишича, умуман 2011-2016 йиллар мобайнида 3766 нафар маочи ҳукуматга таслим бўлган, улардан 1399 нафари шу йил қуролини ташлаган. Жангариликдан воз кечганларнинг 70 фоизга яқини Орисса штатида фаолият юритган. 

Полиция марказий захира кучларига кўра, маочиларнинг бундай кескин қарорига ҳукуматнинг жойларда олиб бораётган ислоҳоти, жумладан яқинда ўтказилган валюта ислоҳоти сабаб бўлган.