ФИФА президенти Жанни Инфантино Бразилиянинг «Шапекоэнсе» жамоаси авиаҳалокатга учрагани юзасидан таъзия билдирди. Унинг ҳамдардлик сўзлари ФИФА расмий сайтида келтирилган.

«Бу футбол учун жуда қайғули хабар. Бизни Колумбиядаги фожиа чуқур қайғуга солди. Бу карахт аҳволга солувчи фожиа. Бундай оғир кунда биз қурбонларнинг яқинлари ва оила аъзолари билан биргамиз», деган Инфантино.

29 ноябрь куни эрталаб футбол оламида нохуш хабар тарқалди. Копа Судамерикано финалида иштирок этиш учун Колумбияга парвоз қилган «Шапекоэнсе» жамоаси футболчилари минган самолёт Медельин шаҳри яқинида, аэропортга 50 км масофа қолганида қулаб тушди. Самолёт бортида бўлган 72 йўловчи ва экипажнинг 9 аъзоси, жами 81 кишидан беш нафари омон қолди.