АҚШнинг янги сайланган президенти Дональд Трамп Ироқни ИШИД террорчилик гуруҳи билан курашда янада қўллаб-қувватлашга ваъда берди.

AP агентлигининг хабар беришича, бундай баёнот билан Ироқ бош вазири Ҳайдар ал-Ободий чиқиш қилган.

“Фикримча, АҚШ ва Ироқни бундай муносабатларни қўллаб-қувватлаши ўзаро манфаатларга мос келади, - деди ал-Ободий. – Телефондаги суҳбат чоғида Қўшма Штатлар нафақат Ироқни қўллаб-қувватлашда давом этиши, балки унинг ҳажмини ошириши ҳақида сўз юритилди. Шунинг учун мен Америкадан катта ёрдам кутмоқдаман”.

Мосул шаҳрини ИШИДдан озод қилиш бўйича ер устидаги ҳарбий амалиёт 17 октябрь куни бошланди. Унда Ироқ ҳукумат қўшинларидан ташқари курд бўлинмалари, қуролланган шиалар отрядлари ва АҚШ бошчилигидаги халқаро террорчиликка қарши коалиция кучлари иштирок этмоқда. 

Маълумот учун, Мўсул Ироқда катталиги бўйича иккинчи шаҳар бўлиб, икки йилдан бери террорчилар назоратида турибди.