Исроил ҳукумати деярли бир ҳафта давомида мамлакат бўйлаб давом этган ёнғинга қарши халқаро кураш якунланганини эълон қилди. Исроил ўт ўчирувчилари 29 ноябрдан одатдаги тартиб бўйича ишларини бошлайди. Куннинг иккинчи ярмида ўт балосига қарши курашда ёрдам берган ўнта мамлакат ўт ўчирувчиларига ташаккур билдириш маросими бўлиб ўтиши режалаштирилган, деб хабар қилмоқда РИА Новости агентлиги. 

Ҳукумат маълумотларига кўра, ёнғин қурғоқчилик ва кучли шамол туфайли авж олган. 18-26 ноябрь кунлари давомида жами 1 минг 773та аланга ўчоғи аниқланган, шундан 39таси йирик бўлган. Бунда, Ҳайфа шаҳри шимоли офатдан энг кўп талофат етган ҳудуд бўлгани айтилмоқда. Бу ерда, ўн минглаб кишилар кўчирилган. 

Кунига ёнғинга қарши курашга ўртача 900 нафар ўт ўчирувчи жалб этилган. 24 ноябрь куни эса уларнинг сони 1 минг 616 кишига етган. Бунга қўшимча равишда армиянинг 450 нафар захирадаги аскарлари ҳам сафарбар этилган. 

Амалиётда Исроилнинг 14та ўч ўчириш самолёти ва 6та вертолёти қатнашган, сўнгги 5 кун мобайнида 10та давлатдан келган 19та самолёт кўмак берган. 6 йил аввалгидан фарқли равишда, бу сафар қурбонлар бўлмаган, 126 кишига тиббий ёрдам кўрсатилган.