Колумбияда қулаб тушган самолёт бортида жами 81 киши бўлган ва улардан 6 нафари ҳалокатдан кейин омон қолган. Бу ҳақда Франс Пресс агентлиги расмий манбага асосланиб хабар тарқатди.

Бундан аввалги хабарларда, бортида Бразилиянинг "Шапекоэнсе" клуби футболчилари ҳам бўлган самолёт ҳалокатидан 10 киши омон қолгани айтилганди. Самолёт Антиокия вилоятидаги Ла-Уньон туманида қулаган.

Рионегро шаҳридаги Медельин Кордова аэропортидаги манба маълумотига кўра, "ҳодиса жойига барча зарур ёрдамлар юборилган, ҳозирча 6 киши тириклиги маълум".

Univision телеканали маълумотига кўра, бортда 72 йўловчи ва экипажнинг 9 аъзоси бўлган. Футболчилар Колумбиянинг Медельин шаҳрига Копа Судамерикана турнирининг биринчи финалида иштирок этиш учун йўл олганди.

Дастлабки маълумотларда самолётда 27 футболчи бўлгани айтилганди. Шунингдек, самолётга камида 15 нафар журналист чиққанди.