Қозоғистоннинг пойтахти Астана шаҳрида ўтадиган EXPO-2017 кўргазмаси очилиш маросими санаси маълум қилинди, деб хабар бермоқда Tengrinews.kz портали.

Кўргазмани ўтказиш билан шуғулланадиган "НК" Астана ЭКСПО-2017" АЖ маълумотларига кўра, бу воқеа 2017 йил 9 июнда бўлиб ўтади.

"Кўргазма очилиши маросими 2017 йил 9 июнга белгиланди. Маросим кўргазма ҳудудида бўлиб ўтади", деб айтилди компанияда.

Миллий компания маълумотларига кўра, кўргазманинг очилиш ва ёпилиш маросимларига чипталар нархи ҳали белгиланмаган.

Кўргазма ўтказилиши давомида қозоғистонлик боксчи, жаҳон чемпиони Геннадий Головкин билан бокс кечаси ўтказилиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 10 июнидан EXPO-2017’га чипталар сотилиши бошланди. Чипталарни tickets.expo2017astana.com сайти орқали харид қилиш мумкин. Сайтдаги нархларга кўра, иш кунлари чипта нархи 6 минг тангани, дам олиш кунлари эса 8 минг тангани ташкил қилади. Шунингдек, очиқ ва маълум бир сана кўрсатилган чипталарни харид қилиш мумкин.

Кўргазма Астанада 2017 йилнинг 10 июнидан 10 сентябригача ўтказилади. Унда 100 давлат, камида 10 та халқаро ташкилот, инновацион технология соҳасидаги етакчи 10 та компания иштирок этиши режалаштирилган. Умумий ҳисобда кўргазмага 2 млн дан кўпроқ одам ташриф буюриши кутилмоқда.