Кувайт ҳукумати АҚШдан 28 дона кўпфункцияли F/A-18E/F Super Hornet қирувчи самолётларини харид қилиш ғоясидан воз кечгани йўқ, деб хабар қилган Кувайт янгиликлар агентлиги. Амирлик мудофаа вазирлиги вакили, генерал-майор Лафи ал-Азамий шу ҳақда маълум қилган. 

"Бу битим Boeing компаниясининг Кувайтдан эскириб қолган Hornet қирувчиларини қайтариб олишни ҳам назарда тутади… Савдо шартномаси нархи беш миллиард доллардан ортади", — деб қайд этган ал-Азамий. 

Шу ойнинг бошида АҚШ Давлат департаменти Кувайтга Super Hornet қирувчи самолётларини сотиш битимини тасдиқлаган эди.

Йил бошида Кувайт парламенти амирлик армияси учун янги қурол-аслаҳа ва ҳарбий техника хариди учун 10 млрд доллар ажратиш тўғрисида қарор қабул қилган эди.