Венесуэла президенти Николас Мадуро унинг мамлакатида капитализмнинг барҳам топиш жараёни бошлангани ҳақида эълон қилди. 

"2016 йил капиталистик, ижараларга асосланган, нефтга боғлиқ давлат бошқаруви поёнига етди ва 2017 йил самарали социализмнинг янги иқтисодий "мотор"ларини ишга тушириш даври бўлади. Бу венесуэлаликларнинг ҳаёти ва фаровонлигини оширишнинг узвий қисмидир", — дея Мадуро сўзларини келтиради Noticias24 телеканали. Николас Мадуро ҳукумат йиғилишида шу ҳақда сўз юритган.

Унинг изоҳ беришича, жорий йилда 15та янги лойиҳа тайёрланган бўлиб, улар келаси йилдан тўлиқ ишга туширилади. Айнан улар иқтисодий тараққиёт двигателлари деб аталмоқда. 

Аввалроқ, шундай йўналишларга нефть қазиб олиш, нефть кимё соҳаси, қишлоқ хўжалиги, кончилик, телекоммуникация, қурилиш, сайёҳлик, ҳарбий саноат ва ишлаб чиқаришнинг бошқа турлари, биринчи галда темир ва алюминий ишлаб чиқариш кабилар киритилиши маълум қилинган эди. 

Ҳозирда Венесуэла иқтисодиётининг 90 фоизи нефтьга боғлиқ бўлиб қолмоқда.