Ўзбекистонда сайловолди ташвиқоти даври қонунчиликка амал қилинган ҳолда ўтказилмоқда, Президентликка номзодларга ўз дастурларини тақдим этиши ҳамда сайловчилар билан учрашувлар ўтказиши учун тенг шароитлар яратилган. Умуман олганда сайлов кампанияси очиқ рақобат руҳида ва юқори ташкилий даражада ўтмоқда.

Бу ҳақда бугун Тошкентда оммавий ахборот воситалари вакиллари учун ўтказилган брифингда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) кузатувчилар миссияси вакиллари томонидан айтиб ўтилди. Миссия аъзолари Ўзбекистонда давом этаётган электорал мавсум ҳақидаги хулоса ва баҳоларини Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш юзасидан кузатувнинг бориши ҳақидаги оралиқ ҳисоботида (28 ноябрь ҳолатига) баён қилишган. Бунда улар ўз вазифаларини эркин ва мустақил бажараётганини таъкидлади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ёритиш бўйича республика матбуот маркази хабар бермоқда.

Жорий сайлов кампаниясининг барча босқичлари, қонуний асослар, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларга батафсил тўхталар экан, МДҲ кузатувчилари сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш ишлари уюшқоқлик ва изчиллик билан амалга оширилаётганини таъкидлади.

Миссия аъзоларининг фикрича, округ ва участка сайлов комиссияларининг фаолият кўрсатиши учун зарур шарт-шароитлар яратилган, фуқаролар босма нашрлар, теле ва радиоканаллар орқали сайловга тайёргарликнинг бориши ҳақида хабардор этиб борилмоқда. Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини қабул қилиш, қонунбузилиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида жорий йилнинг 1 ноябридан Марказий сайлов комиссиясида кеча-кундуз фаолият юритаётган “ишонч телефони” ва электрон почтага алоҳида эътибор қаратилган.

Ўзбекистон сайлов амалиётида биринчи маротаба Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш даврида сайловчилар ҳуқуқий маданиятини янада юксалтириш бўйича тадбирлар дастури қабул қилиниб, босқичма-босқич амалга оширилаётгани кузатувчилар диққатини тортган. Шу мақсадда фуқаролик жамияти институтлари вакиллари иштирокида семинарлар, давра суҳбатлари ўтказилмоқда.