Бразилиянинг "Шапекоэнсе" жамоаси ҳимоячиси Хелио Сампьер Нето ҳам Колумбиядаги авиаҳалокатдан омон қолган. У ҳалокатдан омон чиққан олтинчи киши экани айтилмоқда. Бу ҳақда Telemedellin твиттерида маълум қилинди.

29 ноябрга ўтар кечаси 72 йўловчи, жумладан "Шапекоэнсе" жамоаси футболчиларини олиб учган самолёт Колумбияда ҳалокатга учради. Жамоа Медельин шаҳрига Жанубий Америка Кубогининг биринчи финалида "Атлетико Насьональ"га қарши ўйинда иштирок этиш учун йўл олганди. Лайнерда жами 81 киши бўлган.

Бундан олдинги хабарларда 76 кишининг ҳалок бўлгани айтилганди. Омон қолганлар "Шапекоэнсе" футболчилари Алана Рушел, Маркос Данило ва Жексон Фольман, ҳамда рейс стюардессаси Химена Суарес ва бразилиялик журналист Рафаэль Хенцел экани айтилди. Кейинроқ жамоа дарвозабони Маркос Данилонинг шифохонада жони узилди.

Фуқаролик авиацияси матбуот хизмати хабарига кўра, авиатехник Эрвин Тумери ҳам ҳалокатдан омон чиққан.

Омон қолганлар яна бор бўлиши мумкинлиги айтилмоқда.