Очиқ акциядорлик тижорат “Қишлоқ қурилиш банки” Самарқанд минтақавий филиали бошқарувчиси лавозимида ишлаган Ғанишер Маманов бойлик орттиришда жиноят йўлини танлади. Мансабни эгаллаб турганидан фойдаланган Ғ.Маманов банк томонидан тадбиркорларга ажратилаётган кредитни қўшимча даромад манбаига айлантиришни режалаштирди. Бу ҳақда “Ҳуқуқ” нашри ёзмоқда.

У банкдан 100 млн. сўм кредит сўраб мурожаат қилган “Фаравон” МЧЖ раҳбари А.Саломовдан кредит бўлими бошлиғи М.Набиев орқали “хизмат”и эвазига 2 млн сўм беришни талаб қилади. Бундан ташқари, у “Кристал Самарқанд” МЧЖ директори Жалол Исаев ҳамда “Кристал Жомбой строй” хусусий корхонаси директори Олим Рашидовларнинг мурожаатларини ҳам “раҳмат” эвазига ҳал қилиб бергиси келмайди. Тадбиркорлик субъектлари томонидан сўралаётган 250 млн. сўм кредитни тезда чиқариб бериш учун улардан 4 минг АҚШ доллари миқдорида пора сўрайди.

Олган кредит пулларининг бир қисми талон-тарож бўлиб кетган тадбиркорлар 250 млн. сўм маблағнинг асосий қисмини белгиланган муддатда тўлай олишмайди. Ғ.Маманов ушбу вазиятдан ҳам фойдаланиб қолишга ҳаракат қилади. Яъни у кредит маблағлари эвазига тадбиркорлик субъектлари томонидан гаров сифатида қўйилган мол-мулкни ноқонуний йўллар билан сотиб, катта даромад қилишга уринади. Аммо Ғ.Маманов ушбу ғаразли мақсадини охирига етказа олмайди. 

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан олиб борилган тергов-суриштирув ишлари натижасида тамагир раҳбарнинг барча жиноятлари фош этилди. Суд Ғ.Мамановга нисбатан жазо тайинлаб, ҳукм чиқарди. Суд ҳукмига кўра у 11 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди.