2016 йил декабридан Россиянинг «Ямал» авиакомпанияси Подмосковьедаги янги барпо этилган Жуковский халқаро аэропортидан Марказий Осиёнинг уч мамлакатига доимий парвозларни йўлга қўяди. Бу ҳақда ТАСС агентлиги хабар қилмоқда.

«Биз парвоз ҳудудини кенгайтирмоқдамиз. Янги йўналишларни ўзлаштираяпмиз. Декабрь ойидаёқ самолётларимиз Жуковский аэропортидан ҳавога кўтарилади. Биз анчагина консерватив компания бўлганимиз сабабли, босқичма-босқич ривожланмоқдамиз. Жуковскийдан яқин хориж мамлакатлари – Ўзбекистон, Тожикистон ва Қозоғистонга ҳаво қатновларини амалга оширамиз. Кейинчалик, Исроил ва якуний босқичда Европа», – деган авиакомпания бош директори Василий Крюк. Унинг сўзларига кўра, ҳозирда, сўнгги келишувлар жараёни якунланмоқда. 

Август ойида авиакомпания Жуковский аэропортидан халқаро парвозлар, хусусан Вена, Будапешт, Мюнхен, Пловдив, Прага ва Тбилиси, Қозоғистон, Қирғизистон (Ўш ва Бишкек), Тожикистон (Душанбе ва Хўжанд)га авиарейсларни амалга ошириш учун Росавиация бошқармасининг рухсатини олган эди. 

«Ямал» авиакомпанияси Россия ҳудудида 60 дан ортиқ йўналиш бўйича йўловчиларни ташиш билан шуғулланади. Бундан ташқари, яқин ва узоқ хорижга парвозларни амалга оширади. Компания паркида «Airbus A-320» ва «Airbus A-321», «СRJ-200», «Boeing-737», «L-410», «CL-600» ва «Sukhoi SuperJet-100» самолётлари бор.