Амалдаги жаҳон чемпиони норвегиялик Магнус Карлсен ва россиялик Сергей Карякин ўртасида шахмат тожи учун беллашувларни ўтказиш Халқаро шахмат федерацияси (ФИДЕ)нинг мусобақага жиддий ҳомийлар эътибор қаратиши борасидаги умидлари билан боғлиқ эди. Бироқ, бу режа чиппакка чиқди.

Учрашув ташкилотчилари Нью-Йоркдаги кўп сонли люкс дўконлар ва йирик молия компаниялари қўллаб-қувватлашига умид қилишганди. Аммо, атиги тўртта ҳомий топилди. Булар: россиялик ўғитлар ишлаб чиқарувчи, Москва инвестиция компанияси, Норвегиядаги сув ишлаб чиқарувчи, қимматбаҳо ручкалар тайёрловчи компаниялардир.

Шунингдек, Нью-Йоркка ФИДЕ раҳбари Кирсан Илюмжинов ҳам бормади. У АҚШ Молия вазирлиги санкция рўйхатига киритилгани туфайли мамлакатга кириш рухсатига эга бўлмаган. 

Учрашув ташкилотчилиги билан Agon компанияси шуғулланган бўлиб, у гроссмейстерлар баҳсини интернет орқали қанча киши пул тўлаб кўргани ҳақидаги маълумотларни келтирмади.

Эслатиб ўтамиз, 12 партиядан сўнг ҳисоб 6 – 6 бўлиб турибди. Жаҳон чемпиони номи 30 ноябрь кунги тай-брейкда аниқланади.