Жаҳон шахмат тожи учун кечаётган учрашувнинг “асосий вақти” ғолибни аниқлаб бермади: амалдаги жаҳон чемпиони норвегиялик Магнус Карлсен ва россиялик Сергей Карякин ўртасидаги беллашувнинг 12 партияси дуранг билан якунланди – 6:6. Энди соврин соҳиби номи тай-брейкда маълум бўлади. У 30 ноябрь куни ўтказилади.

Норвегиялик шахматчи бу борада ўз фикрларини билдириб ўтган. Унга кўра, тай-брейк унинг учун қулайроқ. “Бу мен учун жуда яхши. Мен ғалаба учун яхши имкониятга эга эканимни сезиб турибман”, - деди Магнус Карлсон.

ФИДЕ президенти Кирсан Илюмжинов эса учрашувда кимнинг асаблари мустаҳкамроқ бўлса ўша ғалаба қозонишини айтиб ўтди. 

Маълумот учун, шахмат тай-брейки рапиддан бошланади. Бунда вақт назорати 25 дақиқа бўлган тўртта партия ўйналади. Рапидда ҳам ғолиб номи аниқланмаса, блиц ўйналади – 5 дақиқалик назорат остидаги икки партия. Шундан сўнг яна тўртта икки партиядан иборат блиц-баҳс ўтказилади.

Шунда ҳам ғолиб номи маълум бўлмаса, шахматчилар армагеддонни ўйнашади. Бунда оқ доналарда ўйновчи спортчи рақибига қараганда бир дақиқа кўпроқ вақтга эга бўлади (беш ва тўрт дақиқа), бироқ ғалаба қозониши ҳам шарт қилиб белгиланган.