Ўзбекистон Республикаси адлия вазирлиги Латвиянинг «CLEANTECH LATVIA» нодавлат ташкилотини рўйхатдан ўтказди. Бу ҳақида идора веб-сайтида маълум қилинди. 

Нодавлат ташкилотга 2006 йил Ригада асос солинган бўлиб, унинг вазифаси экологик тоза технологиялар ва қайта тикланувчи энергия манбаларини ишлаб чиқаришга жалб қилиш ва ривожлантиришдан иборат. 

Ташкилотнинг муассиси - Латвия биотехнологиялар ассоциацияси. «CLEANTECH LATVIA» Европа минтақавий тараққиёт фонди, Латвия инвестициялар ва тараққиёт агентлиги томонидан молиялаштирилади. 

«CLEANTECH LATVIA» атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, халқ ва қишлоқ хўжалигида илғор "яшил" технологияларни жорий қилиш бўйича Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришни режалаштирмоқда. 

Ташкилот фаолиятининг яна бир йўналиши атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида академик ва профессионал алмашув бўйича ҳамкорликдаги тадбирлар ва экспертизалар ўтказиш, экологик лойиҳаларнинг техник-иқтисодий асосларини тайёрлаш.

Мазкур соҳадаги инфратузилма объектларини модернизациялаштириш ва қайта таъмирлаш лойиҳаларини амалга оширишда ҳамкорлик қилишга ҳам алоҳида эътибор қаратилади. 

Бугунги кунда «CLEANTECH LATVIA» сув ресурсларини бошқариш, энергиядан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, қайта тикланувчи ва муқобил энергетикани татбиқ этиш каби долзарб йўналишларда Қишлоқ ва сув хўжалик вазирлиги ҳамда Давлат табиат қўмитаси билан биргаликда қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқишга киришди.