Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги Ўзбекистонда сезилган зилзилалар ҳақида хабар тарқатди. Агентликнинг «Тошкент» сейсмология марказига асосланиб хабар беришича, Ўзбекистонда икки марта зилзила кучи сезилди.

«25 ноябрь куни Тошкент вақти билан соат 19:19 ҳамда 19:25да икки марта ер силкиниш ҳодисаси қайд этилган. Зилзила эпимаркази пойтахтдан 410 км узоқликда Хитой ҳудудида жойлашган», дейилган хабарда.
Хабарда шунингдек, Ўзбекистон ҳудудида зилзила кучи Тошкентда 3 баллга, Наманган ва Андижонда 3-4 баллга, Фарғонада эса 4 баллга тенг бўлгани келтириб ўтилган.

Республиканинг бошқа ҳудудларида ушбу ҳодиса сезилмагани ва жабрланганлар ҳамда талофатлар ҳақида маълумотлар йўқлиги айтиб ўтилган.
Манба: ЎзА

25 ноябрь куни Тошкент вақти билан соат 19:19 ҳамда 19:25да икки марта ер силкиниш ҳодисаси қайд этилди. Зилзила шу ҳолда давом этса, қандай ёмон оқибатларга олиб келиши мумкинлигини яхши англайдиган ва ҳис қиладиган барча катталар қўрқув ва ожизлик ичра Яратганни эслаб, Ундан омонлик сўраб беихтиёр «Субҳаноллоҳ» калимасини қайтаришга тушдилар.

Алҳамду лиллаҳ зилзила ўтиб кетди... Ҳеч ким зарар кўрмади... Лекин, бир неча сониялик бу силкиниш одамларга бир олам ибрат ва сабоқ бериб кетди. Ҳа, атиги бир неча сониялик бу силкиниш инсоният ўзи даъво қилувчи шунча тараққиёт, куч-қудрат ва илми билан Аллоҳнинг балоси олдида ҳеч нарса қилолмаслигини, Аллоҳ хоҳласа бир неча лаҳзалар ичида бандаларини ер билан яксон этишга қодир эканлигини яна бир карра эслатиб қўйди. Яна айнан тунда, ҳамма ўз ихтиёрини ғафлат уйқусига топширган паллада. Нима учун?! Токи, гуноҳлар ихтиёрига ўзини топшириб, Яратганнинг амру фармонларига бепарволик билан ғафлатга чўмган бандалар кўзларини очишлари, гуноҳларига тавба ва истиғфор айтиб, ўзларини ислоҳ этишлари, турли туман жиноятлардан тийилиб, тўғри йўлга юришлари учун!..

Албатта зилзила инсониятни огоҳлантириб, қўрқитиб турадиган оят-аломатлардан бири ҳисобланади. Аллоҳ таоло айтганидек,

«Биз оят-аломатларни фақат қўрқитиш учунгина юборурмиз» (Исро, 59-оят). 

Бошқа бир ояти каримада эса шундай дейилади:

«У юртларнинг аҳолиси тунда ухлаётганларида, (тўсатдан) устиларига азобимиз келиб қолишидан омондамилар?! Ёки у юртларнинг аҳолиси чошгоҳ вақти ўйнаб турганларида устиларига азобимиз келиб қолишидан хотиржаммилар?! Аллоҳнинг «макридан» ҳам хотиржаммилар?! Аллоҳнинг «макридан» (синови, азобидан) фақат зиён кўрувчи қавмларгина хотиржам бўлурлар» (Аъроф сураси, 97-99-оятлар). 

Бандалардан ҳеч ким Аллоҳнинг азобидан ўзини хотиржам ва омонликда ҳис қилиши мумкин эмас. Оятда айтилганидек, фақат зиён кўрувчиларгина бундан ўзларини хотиржам ҳис қиладилар. 

Зилзила ва бошқа табиий офатлар одамларни сергакликка ундайди, гуноҳлардан тўхтаб, Аллоҳга қайтишга чақиради. Бундай ҳолатлар бамисоли огоҳлантириш ва маломатга сабаб бўлувчи ишларни тарк этишлари учун насиҳатомуз хитоб кабидир. 

Ер қимирлаганда солиҳ салафлар 

«Раббингиз сизлардан хатоларингизни, маломатга сабаб ишларингизни бартараф қилиб, Уни рози қилишингизни сўраяпти, бас, шундай экан, ўша ишларингизни тўхтатиб, Раббингизни рози қилинг!» дер эканлар. 

Зилзила ва бошқа табиий офатлар каби барча мусибатлар фақат инсониятнинг ўз гуноҳ ва маъсиятлари туфайлигина келади. Лекин у келганда яхшини ҳам ёмонни ҳам олиб кетади. Мазкур офатлар туфайли зарар кўрган яхши кишиларга Аллоҳнинг раҳмати ва мағфирати бўлади, ёмонларга эса бу офатлар Унинг ғазаби ва жазоси бўлади.

Мадинаи Мунавварада зилзила рўй берганда ҳазрат Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу ваъз қила туриб, «Агар бу зилзила яна такрорланса, мен бу шаҳарда сизлар билан бирга турмайман!», деган эканлар.

Инсоният бошига нимаики, бало келса, ўзларининг гуноҳу маъсиятлари сабабидан келади. Аллоҳ таоло айтганидек: 

«Сизларга неки мусибат етган бўлса, у ҳам бўлса, ўз қўлларингиз қилган нарса (гуноҳларингиз) туфайлидир. Яна У кўп (гуноҳларингиз)ни кечиб юборади» (Шўро сураси, 30-оят).

Яъни тағинам Аллоҳ таоло ҳар битта гуноҳимиз туфайли азобга тутмайди, балки, кўпини кечириб юборади.

Шундай экан, гуноҳлар, жиноятлардан тийилиб, Аллоҳга тавба ва истиғфор айтишимиз мақсадга мувофиқдир. Зеро, неъматлар кўтарилиб, офатлар тушишига фақат гуноҳларнинг оммавий равишда авж олишигина сабаб бўлар экан.

Адий ибн Умайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда айтилишича, Аллоҳ таоло оммани (аксариятни) хосларнинг (маълум тоифанинг) қилаётган ишлари учун азобламайди. Бу ҳолат токи, ўша мункар ва ёмон ишларни ўз ораларида кўриб, қайтаришга, ислоҳ қилишга қодир бўлсалар ҳам ўша мунокаротлардан қайтармай, ислоҳ қилмай юришгунча давом этади. Ана шундай қилсалар, Аллоҳ уларнинг оммасини ҳам, (асосий мункарни қилаётган) хос кишиларини ҳам азобга тутади. (Аҳмад ва Абу Довуд ривоятлари).

Гуноҳ-маъсиятлар неъматлар завол топиб, балою офатлар тушишига сабаб бўлса, тавба ва истиғфор неъматлар бардавом бўлишига ва балолар қайтарилишига сабабдир. 

Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтадики: 

«Улар истиғфор айтиб турган ҳолларида ҳам Аллоҳ уларни азобловчи эмас» (Анфол сураси, 33-оят). 
Бундан аввалги оятда эса: 

«(Эй Муҳаммад алайҳиссалом), уларнинг ичида Сиз бўла туриб, Аллоҳ уларни азоблагувчи эмас», дея марҳамат қилинган.

Маъно аҳли айтадиларки, юқоридаги оятлар истиғфор яъни Аллоҳдан гуноҳлар учун мағфират ва кечирим сўраш азобдан сақлагувчи омонлик эканлигига далолат қилади.

Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳу айтадилар:

«Одамлар ичида иккита ҳимоя, омонлик бор эди: бири Аллоҳнинг Пайғамбари, иккинчиси эса истиғфор. Аллоҳнинг Пайғамбари ўтиб кетдилар, аммо истиғфор қиёматгача боқийдир».

Қайси бир ўлкада Аллоҳга ибодат қилинар экан, истиғфор айтилиб турар экан, фисқ-фужур оммавий тус олмаган экан у ерга аҳолининг кўп қисмига зарар келтирадиган, оммавий бало тушмайди иншоаллоҳ. Шунингдек, нуроний отахонлар, эмизикли, маъсум гўдаклар, ўтлаб юрувчи чорвалар ҳам азоб нозил бўлишини тўсиб турар экан. Баъзи ривоятларда шундай сўзлар ворид бўлган:

«Агар орангизда қадди рукуъга эгилган мўйсафидлар, эмизикли гўдаклар ва эркин ўтлаб юрувчи чорвалар бўлмаганда, устингизга азоб ёғилган бўларди».

Алҳамду лиллаҳ, гарчи вақти-вақти билан инсоний талафот келтирмайдиган зилзила ва ҳоказолар рўй бериб турса ҳам бизнинг гўзал юртимизда 1966 йилдан бери одамларнинг ҳаётига зомин бўлувчи, оммавий азоб бўлиб келувчи фалокатлар содир бўлмади. (Илоҳим, бундан буёғига ҳам Аллоҳ юртимизни Ўз ҳифзу ҳимоясида сақласин!..) 

Бу ҳам бўлса, юртимизда яхшилик ва эзгулик ҳукмрон эканлигидан, нуроний қарияларимиз, маъсум гўдакларимиз ва эмин-эркин ризқини териб юрган чорваларимиз борлигидан ҳамда бошқа кўп жойлардан фарқли ўлароқ диёримизда фаҳш ишлар оммавий тус олмаганлигидан, юртимизга Аллоҳнинг раҳмат назари тушганлигидан далолатдир, иншааллоҳ. 

Курраи заминнинг ҳали у-ҳали бу чеккасида кетма-кет зилзила, тўфон ва бошқа офатлар туфайли ўнлаб, юзлаб одамлар фожиали тарзда ҳаётдан кўз юмаётган, қанча-қанча юртлар турли-туман фитналар, ички низолар, террорчилик хуружлари оқибатида тинчини йўқотиб, вайронагарчиликка юз тутаётган, яна қанча-қанча илғор давлатлар эса устма-уст иқтисодий бўҳронлар оқимига нишон бўлиб турган бир вақтда мамлакатимиз тинч-осойишта, ризқи мўл, офиятли бир ҳаёт билан яшамоқда. Бунинг учун Яратганга тинмай шукр қилишимиз, фаровон турмушимиз бардавом бўлиши учун дуода бўлишимиз, шу юртимизнинг ҳар томонлама равнақ топиши, янада обод бўлиши учун ўз ҳиссамизни қўшмоғимиз ҳар биримизнинг зиммамизда лозим бўлган ишлардан бирига айланади. Зеро, шукри адо қилинмайдиган неъматлар олиб қўйилади. Аллоҳ таоло марҳамат қилиб, айтганидек: 

«Яна Парвардигорингиз билдирган бу сўзларни эслангиз: «Қасамки, агар сизлар (менинг берган неъматларимга) шукр қилсангизлар, албатта (уларни янада) зиёда қилурман. Энди агар куфрони неъмат қилсангизлар, албатта азобим ҳам жуда қаттиқдир» (Иброҳим сураси, 7-оят).

Гўзал диёримизни турли бало-офатлардан Яратганнинг ўзи асрасин!

Аллоҳ таоло ушбу файзли онларнинг савобидан ҳаммамизни баҳраманд айлаб, гуноҳларимизни мағфират қилсин! Hуроний қарияларимиз, маъсум гўдакларимиз ва эмин-эркин ризқини териб юрган чорваларимиз баракотидан барча мўмин-мусулмонларни икки дунё саодатига мушарраф айласин! 

Юртимизга тинчлик, халқимизга фаровонлик, дастурхонларимизга тўкин-сочинлик, давлат раҳбарларимизнинг эл-юрт манфаати йўлидаги барча хайрли ишларида муваффақиятлар ёр бўлсин, омин!

Раҳматуллоҳ Сайфуддинов
Юнусобод тумани бош имом-хатиби,
Тошкент Ислом Институти ўқитувчиси,
«Мирза Юсуф» жоме масжиди имом-хатиби