Боливия президенти Эво Моралес Куба инқилоби етакчиси Фидель Кастро АҚШга қарши ўз ҳаёти давомидаги барча жангларда ғалаба қозонганлигини маълум қилди.

"Фидель абадий ва ўз қилмишларига жавоб бермайдиган империя кучлари йўқлигини кўрсатиб берди. У империяга (АҚШ) қарши барча жангларда ғалаба қозонди. Шунингдек, одоб-аҳлоқ ва сиёсий курашларда ғолиб чиқди. Фидель – бу инсоният учун курашнинг синонимидир”, - дея маълум қилди Моралес Ҳаванада ташкил этилган Кастро билан видолашув маросимида.

Унинг сўзларига кўра, ХХ аср тарихини Фидель ва Кубасиз тасаввур қилиш мумкин эмас. "Фидель ва Куба дунёни ўзгартиришди. Бироқ, улар ҳар доим орамизда қолади. Ғоялар ўлмаслиги аниқ. Сабаби кураш ҳеч қачон тўхтамайди”, - деди Боливия президенти.