Ёшлик пайтида чекиш 50 ёшдан кичик кишиларда юрак ва қон-томир касалликлари  хавфини 8 баробар оширади. Бу ҳақида Heart журналида чоп этилган мақолада маълум қилинди. 

"Барча чекувчиларни юрак билан боғлиқ жиддий муаммоларга йўлиқиш хавфини пасайтириш мақсадида тамакидан воз кечишга чорлаш лозим. Бу айниқса, ёшларга тааллуқли", - дейди Буюк Британиядаги Шеффилд университети илмий ходими Амелия Ллойд. 

Ллойд ва унинг ҳамкасблари Шеффилддаги госпиталлардан биридаги деярли 2000 беморнинг саломатлиги ва уларнинг кейинги тақдирини кузатиб, шундай хулосага келишди. Беморлар миокард инфарктининг кенг тарқалган шакли ривожланиши натижасида шифохонанинг жонлантириш бўлимига келиб тушишган. 

Уларнинг орасида ёши улуғ инсонлар билан бирга ёшлар ҳам бўлган. Олимлар уларда бу касалликнинг ривожланишига нима сабаб бўлганига қизиқиб қолишди. Бунинг учун тиббиёт ходимлари Бирлашган Қиролликнинг статистика хизматига бу инсонларнинг қандай озиқлангани ва қандай зарарли одатларга эга бўлгани борасида ёрдам сўраб, мурожаат қилишган. 

Тадқиқотчилар юрак хуружига олиб келувчи хавфнинг асосий омили чекиш эканлигини тезда аниқлашди. Бу зарарли одат юрак ва қон-томир соҳаларида жиддий муаммолар ва ҳаттоки ўлим хавфини барча беморлар учун тахминан 3 баробар, ёшлар ва 50 ёшгача бўлган кишиларда эса - 8 баробар ошириши маълум бўлди.