Жаҳоннинг турли клублари Бразилиянинг «Шапекоэнсе» клубини қўллаб-қувватламоқда ва унга имкон қадар ёрдам беришга ҳаракат қилмоқда. «Реал» ва«Барселона» каби Испания грандлари ҳам бу хайрли ишдан четда қолишмади. Midiarrio шу ҳақида маълум қилди. 

Манбага кўра, «Барселона» ва «Реал» жамоалари 14-тур ўйинидан тушган барча даромадларни «Шапекоэнсе»га, клуб ўз фаолиятини давом эттира олиши учун топширишга қарор қилишди. Икки машҳур жамоа ўртасидаги ўйин 3 декабрь куни «Барселона» майдонида бўлиб ўтади. 

Бразилиянинг «Шапекоэнсе» жамоаси ўйинчилари учаётган самолёт Колумбиянинг Медельин шаҳри яқинида ҳалокатга учради. Ҳаво кемаси бортида 77 нафар киши - 68 йўловчи ва 9 нафар экипаж аъзоси бўлган. Ҳалокат натижасида 71 киши ҳаётдан кўз юмган, 6 киши турли жароҳатлар олган. 

Бразилия клуби 30 ноябрь куни Жанубий Америка кубогининг финал ўйинида Колумбиянинг «Атлетико Насьональ» жамоаси билан учрашиши керак бўлган.