Хельсинкида чоршанба куни Slush икки кунлик технологик конференцияси очилади. 2008 йилда ташкил этилган форумда фикрлар, ғоялар алмашилиб, иш ҳамкорлари ва сармоядорлар жалб этилади. Slush Шимолий Европадаги янги технологиялар ишлаб чиқарувчилари учун энг йирик тадбир саналади.

2016 йилги конференцияга 15 минг меҳмон ташриф буюриб, деярли  икки минг стартап тақдим этилиши режалаштирилган. Тадбир қатнашчилари ҳаётнинг турли соҳалари, жумладан тиббиёт ва озиқ-овқат маҳсулотларида технологияларни қўллаш ҳақида суҳбатлашиб, сиёсат борасидаги бир қатор муҳим мавзуларни ҳам муҳокама қилишади. 

Форумда Spotify, Shazam, Skype сервислари, Nokia, Airbnb ва бошқа кўплаб йирик компаниялар вакиллари иштирок этиши кутилмоқда. Норвегия валиаҳди Хокон Slush’нинг фахрий меҳмони бўлиши керак. Бундан ташқари, тадбир доирасида мусиқа технологияларига бағишланган Slush music форуми илк маротаба ўтказилади.