Колумбияда рўй берган авиаҳалокатдан омон қолган 6 кишидан бири авиатехник Эрвин Тумири қандай қилиб жон сақлаб қолгани ҳақида айтиб берди.

29 ноябрь куни тонгида бортида Бразилиянинг "Шапекоэнсе" клуби футболчилари ҳамда ходимлари, журналистлар ва экипажнинг 9 нафар аъзосини ўз бортига олган самолёт Колумбиянинг Медельин шаҳрига 50 км қолганида қулаб тушди. Фалокатдан атиги 6 киши омон қолди. Уларнинг барчаси айни дамда шифохонада.

"Шапекоэнсе" жамоаси Жанубий Америка Кубоги финалида Колумбиянинг "Атлетико Насьональ" жамоасига қарши ўйинда иштирок этиш учун Медельинга келаётганди. Колумбияликлар клуби техник директори Рейнальдо Руэда ва жамоа спорт директори Виктор Маруланда ҳодиса жойида ва шифохонада бўлди, аммо улар фақат лайнер экипажи аъзоси бўлган Тумири билан гаплаша олган.

"Мен авариявий ҳолатларда тавсия этилган ҳаракатни бажарганим эвазига омон қолдим. Мен ўтирдим, чамадонни оёқларим орасига қўйдим ва эмбрион ҳолатини эгалладим", - дея Тумирининг сўзларини келтирган  Marca нашри.

Тумиридан ташқари "Шапекоэнсе" футболчилари Алан Рушел, Жексон Фольман, Хелио Сампьер Нето, шунингдек рейс стюардессаси Химена Суарес ва бразилиялик журналист Рафаэл Хенцель омон қолган.