Оқ уй одамларни мусулмон бўлганлари учун террорчиликда гумон қилмасликка чақирди. Бу ҳақда АҚШ президенти матбуот котиби Жош Эрнест матбуот-анжуманда айтди, деб хабар бермоқда РИА “Новости” ахборот агентлиги.  

"Агар муайян динга ибодат қилувчи одамларга нисбатан гумонларни оширсак, унда биз ҳужумлар ошишига ёрдам бериб қўйишимиз мумкин", деб айтди Эрнест.

Аввалроқ ИШИД АҚШдаги Огайо штати университетида амалга оширилган ҳужум учун жавобгарликни ўз зиммасига олганди. Бироқ ИШИД ҳақиқатан ҳам ҳужумга алоқаси борлиги номаълум.

28 ноябрда Коламбусдаги университетда 20 ёшли Абдул Раззоқ Али Артан аввал автомобилини одамлар устига ҳайдаган, кейин эса машинадан тушиб, пичоқ билан пиёдаларга ҳамла қилган. Охирги маълумотларига кўра, бу ҳужум оқибатида 11 киши жароҳат олган ва шифохонага ётқизилган. Босқинчи шу университетда таҳсил олган. Полиция ушбу ҳужум аввалдан режалаштирилган теракт бўлиши мумкинлигини истесно қилмаяпти.