Владимир Путин Молия вазири ўринбосари Максим Орешкинни Россия иқтисодий ривожланиш вазирлигига тавсия этди.

"Максим Станиславович, сиз бу соҳада яқинда иш бошлагансиз, лекин кам ҳам эмас. Ўтган вақт ичида муваффақият билан фаолият кўрсатдингиз. Мен сизга Россия иқтисодий ривожланиш вазирлигини бошқаришни таклиф қиламан", — деган Путин.

"Мен розиман", — дея жавоб қайтарган Орешкин.

Шу тариқа, 34 ёшли Орешкин ҳозирги Вазирлар маҳкамасидаги энг ёш вазир бўлади — у Алоқа вазири Николай Никифоровдан бир ойга кичик.

Орешкин суҳбат вақтида президентга 2 йилдан буён Молия вазири ўринбосари сифатида ишлаб келаётгани, унгача Молия вазирлигида департамент директори бўлгани ва  банк соҳасида ("ВТБ Капитале", Росбанк ва Марказий банк) ишлагани ҳақида айтиб ўтган.

Путин унга у бошқарадиган вазирликдаги фаолияти муҳим паллалар эканини қайд этиб ўтган.

"Кейинги йил учун олдимизда турган асосий вазифамиз — Россия иқтисоди ўсишига мавжуд таркибий тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирларини тайёрлаш", — деган Орешкин.

Президент унга янги лавозимида муваффақиятлар тилаган.

Россия иқтисодий ривожланиш вазирлиги раҳбарлиги лавозими 15 ноябрь куни президент Путин томонидан Алексей Улюкаев ишдан бўшатилгач, бўш қолмоқда эди. Собиқ вазир 2 миллион доллар миқдорида пора билан қўлга тушган ва ишончни йўқотган. 

Суд мажлиси чоғида терговчи Роман Нестеров Улюкаевнинг жиноятга алоқадорлиги исботланганини айтди. Унинг сўзларига кўра, 2 миллион долларлик пора Улюкаев ўз вазирлик ваколатлари доирасида амалга ошириши керак бўлган ҳаракатлар учун олинган.