Google компанияси Google Earth лойиҳаси доирасида ишлаб чиқилган Timelapse сервисини янгилади. Фойдаланувчилар earthengine.google.com сайтида 1984 йилдан буён содир бўлган ўзгаришларни кўришлари мумкин. 

Бундан ташқари, Google YouTube'да бир неча энг таъсирли таймлапсларни чоп этди. Унда шаҳарларнинг ўсиши, музликларнинг эриши, денгизларнинг қуриши ва кўплаб бошқа нарсаларни кузатасиз. 

Энг яққол ўзгаришларни ўрганиб, интерактив харитани кўламлаштириш мумкин. Сайтда экологларда хавотир уйғотаётган 8 минтақа алоҳида ажратилган: Орол денгизининг қуриши, Аляска музликларининг эриши, Амазон ўрмонларининг аста-секин йўқолиб бораётганлиги ва бошқалар. 

Сервис 2013 йилда ишга туширилган. Лойиҳани амалга ошириш учун Landsat лойиҳаси сайёранинг йўлдош орқали олинган суратларини тақдим этди. Ушбу лойиҳа АҚШнинг геологик хизмати ва NASA томонидан назорат қилинади. 1970-йилларнинг охирларидан уларнинг сунъий йўлдоши сайёрани суратга олган, суратлар эса архивга узатилган. Google лойиҳа устидан 2009 йилда иш бошлаган бўлиб, ҳозирга қадар 5 миллиондан ортиқ суратларни ишлаган.