АҚШнинг янги сайланган президенти Дональд Трампнинг кўплаб ошкора твитлари мамлакат бозорига фойда келтириши мумкин. Бу ҳақда Bloomberg Сингапур биржаси топ-менежери Чу Сутатга таянган ҳолда хабар берди.

«Трамп келиши билан катта ноаниқлик ва турли секторларда савдо қилиш имкони ҳам пайдо бўлди. У ҳар куни твитлайди. Биз уларнинг бозорларга таъсири ҳақида тушунчага ҳам эга эмасмиз, ва трейдерлар айнан шундай ҳолатларни маъқул кўришади», — маълум қилди Чу.

Маълум бўлишича, Трампнинг АҚШ президенти этиб сайланиши Сингапур биржасида савдо қилинувчи акциялар қийматини $937 млн.га ошириб юборган.
Шунингдек, АҚШ ва дунёдаги бир қатор индекслар сайлов натижаларидан кейин тарихий рекордларни янгилади.